Бразилияда президентлик сайловолди кампанияси бошланди

Август 17, 2026. 16:00 • 2 дақ

126
Бразилияда президентлик сайловолди кампанияси бошланди
“AP” агентлиги сурати

БРАЗИЛИЯ, 17 август. /“Дунё” АА/. Бразилияда президент сайловининг 4 октябрда бўлиб ўтадиган биринчи босқичи учун сайловолди кампанияси расман бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.

Амалдаги президент Луис Инасиу Лула да Силва ва собиқ президент Жаир Болсонарунинг тўнғич ўғли, сенатор Флавио Болсонару асосий номзодлар саналади.

Бразилия президенти ўз тарафдорлари олдида сўзга чиқиб, ижтимоий тенгсизликни қисқартириш ва қашшоқликка қарши кураш чораларини давом эттиришга ваъда берди. “Мен тирик эканман, ўнг кучлар Бразилияни бошқара олмайди”, – деди у.

Собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўғилларидан бири Флавио Болсонару Рио-де-Жанейродаги Копакабана соҳилида минглаб сайловчилар билан учрашди. Давлат тўнтаришига уринишда айбдор деб топилиб, уй қамоғида сақланаётган отаси митингда иштирок этмади.

У амалдаги ҳукуматни аҳоли ишончини оқлай олмаганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, айнан ўзи халқаро майдонда Бразилияга бўлган ишончни тиклашга қодир.

Шунингдек ўқинг

“Мамлакатимиз учун энг яхши ва йирик савдо битимларини тузиш мақсадида Қўшма Штатлар, Хитой, Исроил, Яқин Шарқ, Ҳиндистон ва Аргентина билан ҳамкорлик қила оладиган ягона шахс менман”, – деди у митинг чоғида.

Сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра, Луис Инасиу Лула да Силва Флавио Болсонарудан етти фоизга олдинда бормоқда. Амалдаги президент тарафдорлари уни барча ижтимоий гуруҳлар манфаатларини инобатга олишга қодир деб ҳисобласа, Флавио Болсонару тарафдорлари ҳокимият алмашинувидан жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият яхшиланишини кутмоқда. Тўрт йил аввал Лула да Силва ўша вақтдаги президент Жаир Болсонаруни 50,9 фоиз овоз билан мағлуб этган эди.

Бразилияда президент сайловлари давлат раҳбарининг ваколат муддати тугагач, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Агар жорий йил 4 октябрда бўлиб ўтадиган биринчи турда ҳеч бир номзод кўпчилик овозини тўплай олмаса, энг кўп овоз олган икки номзод иккинчи турга чиқади.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш