Ўзбекистонда аҳоли билан мулоқот тизими такомиллаштирилмоқда
Апрель 05, 2026. 16:43 • 2 дақ
• 41
ТОШКЕНТ, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 апрелда “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳужжат фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини кучайтириш ҳамда аҳолининг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
2026 йил 1 майдан Президентнинг Виртуал қабулхонаси ахборот тизимида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари устидан автоматик назорат ўрнатилади. Белгиланган муддати ўтган мурожаатлар автоматик равишда юқори турувчи давлат органига юборилади. Мурожаатлар, шунингдек, “шошилинч”, “одатий” ва “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларга ажратилади.
Аҳоли билан мулоқотнинг ягона тизимини кучайтириш мақсадида Президент ҳузурида юридик шахс мақомига эга Халқ қабулхонаси ташкил этилади. Унга ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, фуқаролар мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юкланади.
Шу билан бирга, шахсий ва сайёр қабулларни рақамлаштириш, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда фуқаролар муаммоларини бевосита жойида кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси