Ўзбекистон 2027 йилдан Халқаро электротехника комиссиясининг тўлақонли аъзосига айланади

Август 16, 2026. 12:03 • 2 дақ

59
Ўзбекистон 2027 йилдан Халқаро электротехника комиссиясининг тўлақонли аъзосига айланади
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги портали сурати

ТОШКЕНТ, 16 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан Халқаро электротехника комиссиясининг (ХЭК) тўлақонли аъзосига айланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда бу мақомни олган ягона давлат бўлади. Тўлақонли аъзолик мамлакатга нафақат халқаро стандартларни қўллаш, балки ташкилотнинг техник қўмиталари орқали уларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда бевосита иштирок этиш имкониятини ҳам беради.

Ўзбекистоннинг ХЭК билан ҳамкорлиги 2015 йилда шериклик дастури доирасида бошланган, 2023 йилда эса мамлакат ассоциациялашган аъзо мақомини олган.

Шунингдек ўқинг

Томонлар миллий экспертларни тайёрлаш, уларнинг ХЭК техник қўмиталаридаги иштирокини кенгайтириш ҳамда мувофиқликни баҳолаш тизимларини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди. Ахборот технологиялари, сунъий интеллект, электротехника, энергия самарадорлиги ва яшил энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

ХЭК 1906 йилда ташкил этилган бўлиб, электротехника ва электроника соҳасида стандартлар ишлаб чиқувчи нотижорат ташкилот ҳисобланади. У 170 га яқин аъзо мамлакатни бирлаштиради, улардан 64 таси тўлақонли аъзо мақомига эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш