Logo

Саудия Арабистонида "IT Park Uzbekistan" ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

Декабрь 17, 2024. 18:43 • 2 дақ

224
Саудия Арабистонида "IT Park Uzbekistan" ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

АР-РИЁЗ, 19 декабрь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистони пойтахтидаги "The Garage" инновацион платформасида "Plug and Play Riyadh" кўмагида "IT Park Uzbekistan" ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган мазкур тадбир халқаро стартап экотизимини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Тадбирда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов, "IT Park Uzbekistan" бош директори Фарҳод Ибрагимов, шунингдек, Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни амалга ошираётган ёки келгусидаги ҳамкорликка қизиқиш билдирган Саудия Арабистонининг йирик компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этишди.

"IT Park" ваколатхонаси тажриба алмашиш, рақамли технологияларни ривожлантириш ва қўшма инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун платформага айланади. Бу ўзбекистонлик стартаплар учун Кўрфаз мамлакатлари бозорларига чиқиш учун янги имкониятлар очади, шунингдек, минтақа стартапларининг Ўзбекистон орқали Марказий Осиёга киришини соддалаштиради. Бундан ташқари, ташаббус Ўзбекистонда бек-офислар ташкил этиш орқали ҳудуддаги IT -компанияларнинг операцион харажатларини қисқартириш имконини беради.

Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистон технологик секторини қўллаб-қувватлаш дастурлари, шунингдек, "DataVolt" компаниясининг 5 миллиард долларлик сармояси билан "Green Data Centers"ни қуриш каби қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари билан танишдилар. Ваколатхонанинг очилиши Ўзбекистон технологик секторининг жадал ўсишини ва унинг халқаро ҳамкорлик ва инвестицияларни жалб қилиш учун катта салоҳиятини билдиради.

"IT Park Uzbekistan"нинг Саудия Арабистонидаги ваколатхонаси икки мамлакат инновацион экотизимлари ўртасидаги асосий кўприк бўлиб, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлайди ҳамда технологик компаниялар ва стартаплар учун ноёб имкониятлар яратади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш