Сурияда собиқ президент сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинди

Август 11, 2026. 18:00 • 3 дақ

94
Сурияда собиқ президент сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинди
“AFP” агентлиги сурати

ДАМАШҚ, 11 август. /“Дунё” АА/. Дамашқ суди собиқ президент Башар Асадни қарийб 14 йиллик бошқаруви давомидаги қотилликлар, қийноқлар, ноқонуний ҳибслар ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топиб, сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Al Arabiya” порталига таяниб.

Дамашқнинг Тўртинчи жиноят ишлари бўйича суди судьяси Фахриддин ал-Арённинг таъкидлашича, собиқ президентнинг жавобгарлиги, жумладан, унинг давлат қарорларини қабул қилган олий мансабдор шахс сифатидаги мавқеи ҳамда можаро давридаги ҳуқуқбузарликларга алоқадор тузилмаларга раҳбарлик қилгани билан боғлиқ.

Бу – исёнчиларнинг шиддатли ҳужумидан сўнг 2024 йил декабрида ағдарилган ва оиласининг кўп йиллик ҳукмронлигига чек қўйилган Башар Асадга нисбатан Сурия судининг илк ҳукмидир.

Ҳукм эълон қилинганидан сўнг одамлар Дамашқдаги суд биноси олдида тўпланиб, шиор ва байроқ кўтариб, қарорни олқишлар билан қарши олди. Даро шаҳрида ҳам байрам тантаналари бўлиб ўтди. Одамлар уруш пайтида ҳалок бўлганлар ва ҳибсга олинганларнинг суратларини кўтариб чиқишди.

Шунингдек, суд 4-зирҳли дивизияга қўмондонлик қилган Башар Асаднинг укаси Моҳир Асадни ҳам сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. Ушбу бўлинма норозилик намойишларини бостириш ва ҳудудларни ҳукумат назоратига қайтаришда иштирок этган. Моҳир Асад гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва савдосини ташкил этишда ҳам айбланган.

Хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Отиф Нажибга ҳам худди шундай ҳукм ўқилди. У Асадлар оиласининг амакиваччаси бўлиб, 2011 йилда президентга қарши илк норозилик намойишлари бошланган Даро вилоятидаги куч ишлатар тузилмаларга раҳбарлик қилган. Отиф Нажиб 2025 йил бошида ҳибсга олинган ва суд жараёнида шахсан қатнашган ягона айбланувчи бўлди.

Суд жараёни деярли тўрт ой давом этди. Суриянинг янги ҳукумати бу жараённи ўтиш даври адолатининг бир қисми ва мамлакатнинг Асад режими меросидан воз кечишга уриниши сифатида тақдим этди.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, ўлим жазоси Башар Асад ва бошқа айбланувчиларни Сурияга экстрадиция қилишни мураккаблаштириши мумкин. Уларнинг айтишича, давлатлар гумонланувчиларни ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган мамлакатга топширмайди.

Башар Асад 1965 йилда туғилган ва 2000 йилда отаси Ҳофиз Асад вафотидан сўнг Сурия президенти бўлган. Унинг ҳукмронлиги даврида оиланинг ҳокимияти ва алавий озчиликнинг таъсири сақланиб қолди. 2011 йилда демократик ислоҳотларни талаб қилиб бошланган оммавий норозиликлар хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилгач, можаро урушга айланиб кетди. Урушнинг дастлабки йилларида катта ҳудудларни бой берганига қарамай, Башар Асад 2024 йил охиригача ҳокимиятни сақлаб қолди.

Суриянинг амалдаги президенти Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги исёнчилар 2024 йил охирида шиддатли ҳужум уюштирди. Икки ҳафтадан камроқ давом этган бу юриш режимнинг қулаши билан якунланди.

Тахтдан ағдарилганидан кейин Башар Асад Дамашқдан қочиб кетди ва оиласи билан бирга гуманитар асосларга кўра Россиядан бошпана олди.

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш