Эрон Ҳурмуз бўғозини очиш шартларини маълум қилди

Август 10, 2026. 16:00 • 2 дақ

189
Эрон Ҳурмуз бўғозини очиш шартларини маълум қилди
“Reuters” агентлиги сурати

ТЕҲРОН, 10 август. /“Дунё” АА/. Эрон Қўшма Штатлар Теҳронга нисбатан сиёсатини ўзгартирмагунча Ҳурмуз бўғозини очиш ниятида эмаслигини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “NBC”га таяниб.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, ҳозирда Теҳрон ва Вашингтон ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилмаяпти, бироқ воситачилар мулоқотни қайта тиклаш имкониятларини излашда давом этмоқда.

Аббос Ароқчи Ўмон билан кемалар қатновини бошқариш бўйича музокаралар бўғознинг тез орада очилишини англатмаслиги, чунки йўналишлардаги эҳтимолий ўзгаришлар техник ва ҳуқуқий масала эканлигини таъкидлади.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳаммад-Боқир Зулғадр аввалроқ Теҳроннинг тўлақонли кема қатновини тиклаш шартларини айтган эди. Улар орасида Америка ҳарбий-денгиз блокадасига барҳам бериш, уруш учун товон пули тўлаш, музлатилган Эрон активларини қайтариш, санкцияларни бекор қилиш ҳамда Эронга ва унинг минтақавий иттифоқчиларига қарши зиддиятни тўхтатиш каби шартлар бор.

АҚШ ҳозирча бу талабларга очиқчасига жавоб бергани йўқ. Шу билан бирга, Вашингтон Теҳроннинг ядровий даъволаридан воз кечишини қатъий талаб қилмоқда. АҚШ витсе-президенти Жей Ди Венснинг сўзларига кўра, кемаларнинг бўғоздан хавфсиз ўтиши механизми муҳокама қилинмоқда ва у миналардан тозалаш ҳамда транзит кемаларга ҳужум қилмаслик кафолатларини ўз ичига олиши мумкин.

Ўмон Эрон билан музокаралар ижобий ва конструктив муҳитда ўтаётганини маълум қилди. Томонлар бўғоз орқали кемаларнинг ҳаракатланиш тартибини ва ўтиш учун тўлов жорий этиш эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Теҳрон Маскат билан музокаралар ҳали сув йўлини очиш тўғрисидаги қарорни англатмаслигини қайд этмоқда.

Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият фонида минтақада зиддият сақланиб қолмоқда. Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ямандаги ҳусийлар Саудия Арабистонига, жумладан, “Saudi Aramco” объектларига яна ҳужум қилди. Саудия ҳукумати Жизондаги нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғин ўчирилгани, жабрланганлар йўқлигини билдирди.

“Saudi Aramco” ёпиқ Ҳурмуз бўғозини четлаб ўтиш учун экспортнинг бир қисмини Қизил денгиз орқали қайта йўналтириш ниятида. Саудия Арабистони ҳусийларнинг ҳужумларини қоралаб, улар 13 июлдан бери қироллик ҳудудига, 22 июлдан эса савдо кемаларига зарба бераётганини маълум қилди.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш