“Target” журнали: Ўзбекистон Марказий Осиё туризм бозорида етакчилик қилмоқда
Август 11, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 70
ПЕКИН, 11 август. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Target” сайёҳлик журналида “Ўзбекистон Марказий Осиёда туризмни ривожлантириш суръатлари бўйича биринчи ўринда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Жаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (WTTC) “Travel & Tourism Economic Impact Research 2026” ҳисоботи натижалари келтирилиб, унга кўра, 2025 йилда Марказий Осиё туризм соҳаси энг тез суръатларда ўсган дунё минтақасига айлангани қайд этилган.
Ҳисоботда минтақа туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси, соҳанинг бевосита таъсири ва туристик хизматлар экспорти ўсиши бўйича бир қатор асосий кўрсаткичларда жаҳонда етакчилик қилгани таъкидланган. Ўзбекистон эса ушбу мезонларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаган.
Хусусан, 2025 йилда Марказий Осиёда туризмнинг ЯИМга умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг тўғридан-тўғри ҳиссаси 19,6 фоизга ошган. Туристик хизматлар экспорти 9,9 миллиард долларга етган ва бир йилда 26,4 фоизга ўсган. Унинг қарийб ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келиб, мамлакат 4,8 миллиард долларлик туристик хизматлар экспортини амалга оширган.
Шунингдек, Ўзбекистон 2025 йилда Марказий Осиё аҳолиси учун минтақадаги энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлгани қайд этилган. Бу мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва минтақа сайёҳлари учун юқори жозибадорлиги билан изоҳланган.
Материалда Марказий Осиёда ягона туристик маконни шакллантириш истиқболларига ҳам эътибор қаратилган. WTTC экспертлари чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш, авиақатновлар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, қўшма туристик йўналишларни яратиш ҳамда минтақани ягона туристик манзил сифатида тарғиб қилиш халқаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилишини таъкидлаган.
WTTC таҳлилларига кўра, 2036 йилга бориб, Марказий Осиё туризм соҳасининг иқтисодиётга умумий ҳиссаси 29,7 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси