Logo

Ҳиндистон импортчилари ташкилоти халқаро бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни Ўзбекистонда етиштиришга сармоя киритишни режалаштирмоқда

Март 05, 2024. 11:13 • 2 дақ

179
Ҳиндистон импортчилари ташкилоти халқаро бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни Ўзбекистонда етиштиришга сармоя киритишни режалаштирмоқда

ДЕҲЛИ, 5 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон импортчилари савдо-саноат палатаси (Indian Importers Chambers of Commerce and Industry - IICCI) президенти Атул Саксена билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар диққат марказида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган саноат моллари ва етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ҳиндистон бозорида янада кенгроқ илгари суриш истиқболлари, ушбу мамлакат импортчи ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Атул Саксена Ўзбекистон бозори сўнгги йилларда халқаро савдо-сотиқ амалиёти учун очиқ ва қулай шароитлар тақдим этаётгани, мамлакат саноатчилари ва аграр соҳа вакиллари таклиф этаётган маҳсулотлар ассортиментнинг кенглиги, юқори сифати, рақобатбардошлиги ва харидоргирлиги билан ажралиб туришини қайд этар экан, Ҳиндистон бозорида улар йилдан йилга ўз мавқеини мустаҳкамлаб бораётгани ҳамда истеъмолчилар орасида тобора оммалашаётганини урғулади.

Учрашувда томонлар импорт ва экспорт соҳасида ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги, икки давлат етакчилари томонидан яқин йилларда ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган долзарб вазифани бажариш учун барча шароит ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Бунинг учун ўзаро делегациялар алмашишни жадаллаштириш, тадбиркорлар ўртасидаги мулоқотлар кўламини кенгайтириш, қўшма тадбирлар самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда IICCI томонидан жорий йил Ўзбекистонга ҳиндистонлик импортчи тадбиркорлар делегацияларининг туркум сафарларини ташкил қилиш, бизнес-форумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш, жумладан, май ойида уюштириладиган Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Тадбирда йилдан йилга харидоргирлик қобилияти ўсиб бораётган ва турли хилдаги маҳсулотларга талаб изчил ошаётган Ҳиндистон бозори Ўзбекистон компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари учун истиқболли эканига алоҳида эътибор қаратилди.

IICCI президенти Ҳиндистон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотларни тайёрлаш ва етиштириш мақсадида Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил қилиш ва йирик миқдорда сармоялар йўналтириш бўйича ҳамкорлик истиқболларига катта қизиқиш билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш