Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Швециянинг таниқли оммавий ахборот воситаларини ўзига жалб қилмоқда
Ноябрь 23, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 21
СТОКГОЛЬМ, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонасида таниқли швед медиа вакиллари – опа-сингил Магдалена ва Ханна Грааф ҳамда “Resenären” туристик журнали бош муҳаррири Александр Олин билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Магдалена ва Ханна Грааф Швеция поп-мусиқаси ва телешоулари орқали кенг танилган бўлиб, уларнинг ижтимоий тармоқлар ва блоглардаги аудиторияси миллионлаб кишиларни ташкил этади.
Меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари, Тошкентнинг замонавий қиёфаси ҳамда ривожланиб бораётган туристик инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон ва Оролбўйи табиати, Фарғона водийси ҳунармандчилик анъаналари, миллий таомлар, маҳаллий бозорлар, тоғли ҳудудлар ва қишки туризм имкониятлари тақдим этилди.
Меҳмонлар Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва замонавий ҳаётини уйғунликда кўрсатиш ғоясига катта қизиқиш билдирдилар. Учрашувда яқин вақт ичида мамлакатимизга медиа-саёҳат ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Тошкент ва тарихий шаҳарлар билан яқиндан танишиш, миллий байрам тадбирларини кузатиш ҳамда ҳунармандлар ва маҳаллий аҳоли ҳаётини ёритиш бўйича келишиб олинди. Иштирокчилар, шунингдек, сайёҳлар учун яратилган шароитлар, халқаро авиарейслар, маданий мулоқот ва Швеция билан алоқаларни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
“Resenären” журнали бош муҳаррири Александр Олин жорий йилда Туризм қўмитаси ҳузуридаги PR-марказ билан ҳамкорликда Ўзбекистонга бағишлаб тайёрланган махсус сон (муқовасида опа-сингил Граафларнинг сурати жойлаштирилган) Швеция сайёҳлик агентликлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинганини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, журналнинг ушбу сони Стокгольм – Мальмё йўналишидаги рейсларда йўловчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси