Logo

БАА компанияси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда

Июнь 03, 2026. 15:25 • 2 дақ

28
БАА компанияси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда

АБУ-ДАБИ, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари томонидан “NMC Healthcare” компанияси бош директори Дэвид Ҳедли билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида БАА вакилларига Ўзбекистонда тиббиёт тизимини ривожлантириш, халқаро стандартлар ҳамда замонавий ускуналарни жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тақдим этилди. Шунингдек, хорижий шерикларга Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида замонавий шифохоналар барпо этиш, республиканинг чегара ҳудудларида тиббиёт марказлари ва клиникаларни ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари таклиф қилинди.

Учрашув якунида БАА томони тақдим этилган лойиҳавий таклифларни атрофлича ўрганиб чиқиб, икки ҳафта муддат ичида устувор йўналишни танлаши ва уни таҳлил қилиш ишларини бошлаши бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, “NMC Healthcare” вакиллари бўлажак Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этадиган бўлди. Форум доирасида амирлик инвесторларининг Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти билан тўғридан-тўғри музокаралари ташкил этилади.

1975 йилда ташкил этилган “NMC Healthcare” БААнинг энг йирик хусусий тиббиёт гуруҳларидан бири ҳисобланади. Компания 70 га яқин тиббиёт муассасасини (9 та шифохона ва ўнлаб клиникалар) бирлаштирган бўлиб, 50 дан ортиқ тиббий йўналишда йилига 5,5 миллиондан зиёд беморга хизмат кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш