Тошкентда Қувайт инвестицияси асосида янги лойиҳа амалга оширилади
Июнь 18, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 77
АЛ-КУВАЙТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Сергели тумани ҳокими Даврон Исматов ва Кувайтнинг “Ali Al-Marshud Auto Parts Co. LTD” компанияси раҳбари Али Ал-Маршуд ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат жараёнида Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов ҳамда дипломатик ваколатхона ходимлари ҳам иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар Сергели туманида замонавий автосалон ва транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш марказини барпо этишни назарда тутувчи 10 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳани кўриб чиқди. Унда лойиҳанинг техник-иқтисодий параметрлари, уни амалга ошириш муддатлари ва янги иш ўринларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Сергели тумани тадбиркорлари ҳамда Кувайт, Сурия ва Ироқ ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, қўшма инвестициявий ва экспорт лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги истиқболли ташаббусларни илгари суришдан манфаатдор эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси