Германия ишбилармон доиралари Ўзбекистонни истиқболли ҳамкор сифатида баҳоламоқда
Июнь 25, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 32ДУЙСБУРГ, 25 июнь. /“Дунё” AA/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Дуйсбург шаҳрида бўлиб ўтган бешинчи Германия–Евроосиё кичик ва ўрта бизнес кунида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум “DEWB” ассоциацияси ва Германия ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари томонидан ташкил этилди. Тадбир Германия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари, тармоқ уюшмалари, таҳлил марказлари, давлат тузилмалари ва хусусий сектор вакиллари ҳамкорлигида ўтказилди.
Евроосиёда иқтисодий алоқаларни ўзгартириш, янги савдо йўналишларини ривожлантириш, сармоявий ҳамкорлик ва бизнесни ўзгарувчан халқаро шароитларга мослаштириш масалалари муҳокама марказида бўлди. Иштирокчилар, глобал иқтисодий жараёнлар ва санкция чекловларининг минтақадаги савдо оқимлари ва саноат кооперациясига таъсирини кўриб чиқди.
Германиянинг иқтисодий иштирокини кенгайтириш учун истиқболли йўналиш сифатида қаралаётган Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш, ислоҳотлар ва фаол инвестиция сиёсати туфайли минтақадаги асосий ҳамкор сифатида бир неча бор эътироф этилган.
Дипломатлар ўз нутқи давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон компанияларининг форумдаги иштироки ва уларнинг германиялик ҳамкорлар билан ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг бир қатор компаниялари инвестиция ва саноат лойиҳаларини, жумладан, полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва инфратузилма таъминоти соҳасидаги ечимларни тақдим этди.
Форум якунида Германия бизнесининг Марказий Осиёдаги истиқболли иқтисодий ҳамкор ҳамда инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш майдони сифатида Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


