Logo

Британиялик инвестор Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириши мумкин

Август 21, 2025. 07:16 • 51 сония

95
Британиялик инвестор Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириши мумкин

ЛОНДОН, 21 август. /"Дунё" АА/. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдулазиз Исраилов бошчилигидаги делегация Лондон шаҳрига сафари давомида британиялик инвестор сэр Гарри Жаногли билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, Тошкент шаҳрида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилинди.

Британ томони Ўзбекистонда охирги йилларда инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнес юритишдаги бюрократик тўсиқларни камайтириш ва иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишди. Айниқса, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар алоҳида таъкидланди.

Тошкент шаҳрида қурилиш соҳасида ва маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Сэр Гарри Жаногли мазкур соҳада юқори инвестициявий салоҳият мавжуд эканини айтиш баробарида, ўзи раҳбарлик қиладиган компаниялар Ўзбекистонда ана шундай лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини ўрганишга тайёр эканлигини билдирди.

Томонлар мазкур ташаббус нафақат экологик барқарорликни таъминлаш, балки янги иш ўринларини яратиш, замонавий технологияларни Ўзбекистонга жалб этиш ва атроф-муҳитга масъулиятли ёндашувни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш