Ўзбекистон ва Якутия ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгилаб олинди
Ноябрь 21, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 18ЯКУТСК, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари Саха Республикаси (Якутия)га хизмат сафарини амалга оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Якутия раҳбари Айсен Николаев билан учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни иқтисодиёт, туризм, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Якутия раҳбари Ўзбекистон билан шаклланган дўстона муносабатларни юқори баҳолаб, уларни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда 2027 йил учун Ўзбекистон ҳудудлари ва Якутия ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Якутия раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, ўзаро савдо айланмасини ошириш ва маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Якутия Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, маҳаллий корхоналар ва тадбиркорлар билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва туристик салоҳияти, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маиший техника, тўқимачилик, пахта ва ҳунармандчилик маҳсулотлари тақдим этилди.
Мулоқот доирасида Якутия ишбилармон доиралари вакилларининг 2027 йил май ойида Ўзбекистонга бизнес-миссиясини уюштириш бўйича келишувга эришилди.
Сафар давомида меҳнат миграцияси масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Якутиядаги “Паспорт-виза хизмати” филиали раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, Ўзбекистон фуқароларига патент ва рўйхатдан ўтиш ҳужжатларини расмийлаштиришда кўрсатилаётган хизматлар сифати ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Ташкилотга мурожаат қилган ватандошларга ҳуқуқий маслаҳатлар ва зарур тушунтиришлар берилди.
Хорижий фуқароларнинг ижтимоий ва маданий мослашуви маркази фаолияти билан ҳам танишилди. Марказ билан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун рус тили, миграция қонунчилиги ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича бепул ўқув курслари ҳамда профилактик тадбирларни ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.
Якутск шаҳридаги “АЙСМИЛ”, “РФА-Инвест” ва “Хоттей” корхоналарида меҳнат қилаётган ватандошлар ҳамда иш берувчилар билан учрашувлар ўтказилди. Унда юртдошларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ҳамда меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши ўрганилди.
Ҳамюртларимизга хавфсизлик қоидалари, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, миграция қонунчилигига риоя этиш ва мамлакатимизда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Иш берувчилар билан музокаралар натижасида мавжуд бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш, Миграция агентлиги ва хусусий бандлик марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Мазкур хизмат сафари Ўзбекистон ва Якутия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, экспорт ва бизнес алоқаларини кенгайтириш, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




