Хитой Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони бўйича етакчилик қилмоқда

Октябрь 05, 2026. 18:49 • 2 дақ

• 187
Хитой Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони бўйича етакчилик қилмоқда

ТОШКЕНТ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда ташқи савдо айланмаси саккиз ойда 57,4 миллиард долларни ташкил этиб, сўнгги беш йил ичида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони 1,7 баробарга ошди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, охирги беш йил ичида хорижий инвестициялар иштирокидаги амалдаги корхоналарнинг умумий сони 1,7 баробарга ошди. Бунда хорижий корхоналарнинг тузилмадаги улуши 56,2 фоиздан 77,9 фоизга кўпайди.

2026 йил 1 сентябрь ҳолатига мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 6 минг 436 та корхона фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич бўйича Хитой мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллайди.

Шунингдек, етакчилар қаторидан Россия (3589 та), Туркия (2365 та), Қозоғистон (1345 та) ва Жанубий Корея (739 та) ҳам жой олган.

Илғор ўнталикка Афғонистон (725 та), Озарбайжон (503 та), Тожикистон (483 та), Бирлашган Араб Амирликлари (464 та) ва Ҳиндистон (446 та) ҳам кирган.

Шунингдек ўқинг

Шу тариқа, Хитой капитали иштирокидаги корхоналар Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий инвестицияли корхоналар умумий сонининг қарийб 30 фоизини ташкил этмоқда. Уларнинг сони иккинчи ўринни эгаллаб турган Россия кўрсаткичидан деярли 1,8 баробар кўпдир.

Экспертларнинг фикрича, хорижий иштирокдаги корхоналар сонининг ўсиши Ўзбекистоннинг халқаро ишбилармонлик ҳамкорлиги географияси кенгайиб бораётганини ва хорижий инвесторларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига қизиқиши юқори эканини яққол намоён этади.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш