Малайзияда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган брифинг ўтказилди
Октябрь 02, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 98
КУАЛА-ЛУМПУР, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Малайзия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори изчил ўсиб, 2025 йилда 43 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.
Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти, мева-сабзавот, тўқимачилик, кимё ва рангли металлар маҳсулотларини Малайзияга етказиб бериш имкониятлари тақдим этилди. Эркин иқтисодий зоналарда яратилаётган солиқ имтиёзлари ва қулай шарт-шароитлар хорижий инвесторларда катта қизиқиш уйғотди.
Малайзиялик тадбиркорлар мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитларни юқори баҳоладилар. Хусусан, “Masuria Travel Sdn Bhd” раҳбари Эназ Суриа иштирокчиларни Ўзбекистон ҳудудларига ташриф буюриб, янги имкониятларни кашф этишга чақирди. “NC Civil Construction and Engineering” ҳамда “Klinik InoCare” компаниялари вакиллари эса қурилиш ва тиббиёт туризми соҳаларида қўшма лойиҳаларни бошлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Музокаралар якунида 2027 йилнинг биринчи ярмида Малайзия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бизнес-ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси