Шанхайда Хитой компанияларининг Ўзбекистонга инвестиция киритиш имкониятлари муҳокама қилинди
Сентябрь 08, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 193
ШАНХАЙ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Шанхайда Ўзбекистонга инвестиция киритиш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Шанхай иқтисодиёт ва ахборотлаштириш комиссияси ҳамда мамлакатимиз Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда комиссия раиси ўринбосари Хе Йонг, Хитойнинг мутасадди идоралари ҳамда 50 дан ортиқ етакчи компания вакиллари иштирок этди.
Хе Йонгнинг таъкидлашича, Марказий Осиё “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг стратегик маркази ва Шанхай ишлаб чиқариш корхоналари учун хавфсиз ҳамда истиқболли бозор саналади.
Семинар давомида глобаллашув жараёнида корхоналар дуч келадиган ҳуқуқий, маданий ва ресурсларни тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ушбу семинар Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Тадбирда юртимизда муваффақиятли фаолият юритаётган “INDRA E-commerce Service Co., Ltd”, “SUS Environment”, “NIO” ва бошқа компаниялар вакиллари Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, инвестиция муҳити ва қонунчилик асослари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Учрашув қатнашчиларига Ўзбекистонда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар, қулай ишбилармонлик муҳити ва мамлакатимизнинг Европа ҳамда минтақавий бозорларга чиқишдаги логистик ва инфратузилмавий афзалликлари ҳақида маълумот берилди.
Семинар якунида хитойлик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга бизнес-миссияларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси