Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда автомобилсозлик соҳасида қўшма инвестициявий лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда

Январ 15, 2024. 15:55 • 2 дақ

257
Малайзия компанияси Ўзбекистонда автомобилсозлик соҳасида қўшма инвестициявий лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 15 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Малайзиянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи йирик «Proton» (Perusahaan Otomobil Nasional Sdn Bhd-Proton) компанияси заводи фаолияти билан танишдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида компаниянинг ижрочи директори ўринбосари Рослан Абдулла бошчилигидаги корхона мутахассислари билан музокаралар ўтказилди.

Малайзиянинг «Proton» автомобилсозлик компанияси 1983 йилда ташкил этилган. Шу кунга қадар компания томонидан 28 турдаги автомобиллар ишлаб чиқарилиб, жаҳоннинг 73 та мамлакатларига 5 миллиондан ортиқ автомобиль экспорт қилинган.

Ҳозирда компаниянинг Покистон ва Кенияда заводлари мавжуд. Бангладеш, Шри-Ланка ва Мисрда ҳам заводларни ишга тушириш режалаштирилган.

Учрашув давомида Малайзия томонига Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан миллий автомобилсозлик соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, «Ўзавтосаноат» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар, ишлаб чиқарилаётган автомобиллар турлари ва ҳажмлари, давлатимизда электромобилларни ишлаб чиқариш имкониятлари ва автомобилсозлик соҳасида инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Хориж томони ўз навбатида, Малайзия компанияси ва «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида мамлакатимизда автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган қўшма инвестиция лойиҳаси бўйича тақдимотини ўтказди.

Тақдимот доирасида томонлар мазкур лойиҳанинг жорий ҳолати ва уни амалга ошириш муддатлари бўйича фикр алмашдилар.

Ташриф давомида ўзбек дипломатлари Танжун Малим шаҳрида жойлашган «Proton» компанияси заводидаги иш жараёни ва ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган замонавий автомобиль моделларини кўздан кечиришди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш