Ўзбекистон ва Иордания стратегик ҳамкорлигининг янги истиқболлари белгиланмоқда

Ноябрь 20, 2026. 21:00 • 2 дақ

• 7
Ўзбекистон ва Иордания стратегик ҳамкорлигининг янги истиқболлари белгиланмоқда
Ўзбекистон ва Иордания стратегик ҳамкорлигининг янги истиқболлари белгиланмоқда

ИСЛОМОБОД, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “News Network Pakistan” нашри ҳамда “Infora News” порталида Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрларда таъкидланишича, Иордания билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг қатор стратегик манфаатларига хизмат қилади. Хусусан, шериклик алоқалари кимё саноати, фармацевтика, тоғ-кон саноати ва сувни тежаш технологиялари соҳаларидаги тажриба ва билимлардан фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги муносабатлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорлари билан алоқаларни кенгайтиради. Иордания учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик Марказий Осиёнинг иқтисодий маконида фаолият юритиш ва саноат лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини яратади.

Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йилда ўрнатилган бўлиб, сўнгги йилларда улар янги кўлам ва мазмун касб этмоқда. Муносабатларнинг янги босқичидаги муҳим бурилиш нуқтаси 2025 йил 25–26 август кунлари Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн Ал-Ҳусайннинг Самарқандга амалга оширган давлат ташрифи бўлди.

Мақолаларда Ўзбекистон–Иордания муносабатларида савдо-иқтисодий кооперация муҳим ўрин эгаллаши таъкидланган.

Шунингдек ўқинг

“2021–2025 йиллар давомида икки томонлама савдо ҳажми 8,5 баробарга ошди. 2025 йилда ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 79,2 фоизга ўсди. Мазкур тенденция ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашаётганини кўрсатади”, – дея ёзилган материалларда.

2026 йилда келишилган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси 300 та товар тоифасини қамраб олади. Битимда назарда тутилган имтиёзларни жорий этиш маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш ва унинг турларини диверсификация қилиш учун шароит яратади.

Муаллифлар айни пайтда Иорданияда Ўзбекистон савдо уйини очиш бўйича келишувлар амалга оширилаётгани хусусида ҳам маълумот берган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш