“Germany Trade & Invest”: Ўзбекистон 2030 йилга бориб электротехника маҳсулотлари экспортини беш миллиард долларга етказишни мақсад қилган

Ноябрь 20, 2026. 20:30 • 2 дақ

• 1
“Germany Trade & Invest”: Ўзбекистон 2030 йилга бориб электротехника маҳсулотлари экспортини беш миллиард долларга етказишни мақсад қилган

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг ташқи савдо ва инвестициялар агентлиги – “Germany Trade & Invest” (GTAI) Ўзбекистон электротехника саноатининг ривожланишига бағишланган мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Агентлик маълумотларига кўра, соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 580 миллион доллардан 3,4 миллиард долларгача ўсган бўлиб, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 11 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. 2025 йилда электротехника ускуналари ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестициялар 528 миллион долларга етди, бу аввалги йилга нисбатан 50 фоиздан кўпроқдир. 2026–2030 йилларда эса тармоққа қарийб 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш кўзда тутилган.

Амалга оширилаётган лойиҳалар орасида “Чироқчи” эркин иқтисодий зонасида “NURA Electric” компанияси томонидан электр тармоқлари учун ускуналар ишлаб чиқариш, Қўқон технопаркида йилига 1,4 миллион дона литий-ионли аккумуляторлар ишлаб чиқариш қувватига эга корхона, шунингдек, Янги Тошкентда дастлабки инвестициялари 320 миллион долларга баҳоланаётган “Deep Tech Park” саноат зонаси қайд этилган.

GTAI бир қатор немис компаниялари аллақачон лойиҳаларда иштирок этаётганини таъкидлайди. Хусусан, “Infineon Technologies” микропроцессор модулларини ишлаб чиқаришда, “Diehl Metering” Тошкентда интеллектуал сув ҳисоблагичларини тайёрлашда қатнашмоқда, “Menzel Elektromotoren” эса электр двигателлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича музокаралар ўтказган.

Шунингдек ўқинг

Агентлик хомашё базасига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Мамлакатда йилига 150 минг тоннадан ортиқ мис катодлари ишлаб чиқарилмоқда, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган бўлиб, миснинг камида 60 фоизи мамлакат ичида қайта ишланади. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси маълумотларига кўра, 2025 йилда уюшма аъзоларининг экспорти қарийб 1,5 миллиард долларни ташкил этиб, маҳсулотлар 65 та давлатга етказиб берилган. 2030 йилга бориб эса экспорт ҳажмини 5 миллиард долларгача ошириш мақсад қилинган.

Якунда GTAI соҳадаги ўзгаришлар Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратаётгани ҳақида хулоса қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш