Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди

Ноябрь 20, 2026. 21:30 • 3 дақ

• 30
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент делегациясининг АҚШга сафарида янги ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди

СИЭТЛ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков бошчилигидаги делегациянинг Вашингтон штатига хизмат сафари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур амалий ташриф Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, таълим, маданият, шаҳарсозлик ва иқтисодиёт соҳаларида истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйишга қаратилди.

Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасидаги биродарлик муносабатлари 1973 йилда ўрнатилган бўлиб, ярим асрдан ортиқ вақт давомида дўстлик ва маданий алмашинувнинг муҳим намунасига айланди.

Юртимиз делегацияси вакиллари Сиэтлнинг Capitol Hill ҳудудида жойлашган, 1974 йилда ташкил этилган “Тошкент” боғига ташриф буюрди. У ерда боғнинг бугунги ҳолати, уни ободонлаштириш, тарихий дўстлик анъаналарини асраб-авайлаш ва келгусида маданий тадбирлар ўтказиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Давлат байроғимиз қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Сиэтл шаҳридаги айрим бино ва иншоотларнинг мамлакатимиз миллий байроғи рангларида жилоланиши кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Ушбу ташаббус Ўзбекистонга бўлган ҳурмат, Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги узоқ йиллик дўстлик муносабатларининг ифодаси сифатида баҳоланди.

Ташриф дастури доирасида делегация 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати учрашувларига мезбонлик қилган “Lumen Field” стадионида ҳам бўлди.

Стадион мутахассислари билан мулоқотда йирик халқаро спорт мусобақаларини ташкил этиш, замонавий спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш, томошабинлар оқимини бошқариш ҳамда спорт мажмуаларида йил давомида турли тадбирларни ўтказиш бўйича тажрибалар ўрганилди.

Маданий ҳамкорлик доирасида Осиё жаҳон кинофестивали ташкилотчилари билан учрашув ўтказилиб, халқаро киноижодкорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва америкалик мутахассисларни Тошкент халқаро кинофестивалига жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг нуфузли касбий таълим муассасаларидан бири – Жанубий Сиэтл коллежи (South Seattle College) фаолияти билан ҳам танишди. Коллеж раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда замонавий меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш, илғор таълим методикаларини жорий этиш ва таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувнинг муҳим амалий натижаси сифатида Жанубий Сиэтл коллежи ҳамда Ўзбекистон таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.

Ҳужжат доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма касбий тайёргарлик ва малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш, амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ушбу таълим муассасасида автомобильсозлик, электромобиллар, авиация ва илғор ишлаб чиқариш технологиялари бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Вакилларимиз коллежнинг автомобиль технологиялари ва электромобиллар лабораториялари, авиация техникасига хизмат кўрсатиш ўқув марказида бўлиб, амалий таълим тизими билан танишди.

Сиэтлдаги Ўзбекистон Бош консулхонасида Вашингтон штати ва унга туташ ҳудудларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар, мутахассислар, талабалар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инвестициявий имкониятлар ва янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Суҳбат чоғида хорижда катта тажриба орттирган ватандошларнинг билим ва салоҳиятидан Ўзбекистон тараққиёти йўлида самарали фойдаланиш, уларни иқтисодий, илмий-таълим ва инновацион лойиҳаларга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ватандошлар Ўзбекистонда янги ташаббусларни амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича таклифларини билдирдилар.

Тошкент делегациясининг АҚШга сафари ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Энг муҳими, эришилган келишувлар таълим ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда инвестициявий шерикликни ривожлантиришга хизмат қилади.


Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш