Logo

Ўзбекистон банки Лондон фонд биржасида навбатдаги евробондларни муваффақиятли жойлаштирди

Июль 16, 2025. 11:05 • 55 сония

85
Ўзбекистон банки Лондон фонд биржасида навбатдаги евробондларни муваффақиятли жойлаштирди

ЛОНДОН, 16 июль. /"Дунё" АА/. "Ўзмиллийбанк" акциядорлик жамияти делегациясининг Британияга ташрифи доирасида Лондон фонд биржасида навбатдаги муваффақиятли эмиссия амалга оширилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, "Ўзмиллийбанк" халқаро капитал бозорида 418 миллион АҚШ доллари эквивалентида икки траншдан иборат облигацияларни жойлаштирди.

Яъни 300 миллион АҚШ долларлик облигациялар 5 йил муддатга 7,2 фоиз купон ставкасида, 1,5 триллион сўмлик облигациялар 3 йил муддатга 17,95 фоиз купон ставкасида қўйилди.

Евробондларни чиқариш жараёнига етакчи халқаро молия институтлари ва юридик компаниялар, жумладан "Standard Chartered", "J.P. Morgan", "Citi", "Societe Generale", "Natixis", "Mashreqbank", "ADCB", "OIB", "Commerzbank", "Dentons", "Kosta Legal", "Deloitte & Touche2 ва бошқалар жалб этилди.

"Ўзмиллийбанк" облигациялари чиқарилиши 140 дан зиёд халқаро институционал инвесторлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, аризаларнинг умумий ҳажми эса 1,3 миллиард доллардан ошди.

Қулай бозор шароитлари ва Ўзбекистон компаниялари қимматли қоғозларига ошиб бораётган талаб туфайли "Ўзмиллийбанк"нинг ўтган йилги эмиссиясига нисбатан купон ставкаларини пасайтиришга эришилди.

Мазкур ҳолат халқаро инвестиция жамоатчилиги томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигига бўлган ишончнинг ортиб бораётганини акс эттиради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш