"Arab News" газетаси: Саудия Арабистони компанияси Ўзбекистонда шамол электр станциялари учун турбиналар ва қанотларни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда
Июнь 19, 2025. 11:12 • 2 дақ
• 71
АР-РИЁЗ, 19 июнь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "Arab News" газетасида "ACWA Power" компанияси Ўзбекистон билан 5 миллиард долларлик инвестициявий битим тузишни режалаштирмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маълум қилинганидек, "ACWA Power" Ўзбекистон энергетика секторидаги энг йирик хорижий инвестор ҳисобланади. "Компания Ўзбекистонга 5 миллиард доллар сармоя киритмоқчи ва бу билан унинг мамлакат энергетика соҳасидаги етакчи хорижий инвестор мақомини тасдиқлайди",– деб таъкидланган нашрда
"ACWA Power" компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сумендра Роут IV Тошкент халқаро инвестиция форумидаги тақдимотида, ушбу битим компаниянинг мамлакатдаги умумий мажбуриятларини 15 миллиард долларгача ошириш стратегиясининг бир қисми эканлигини маълум қилди.
Нашрда бугунги кунга қадар "ACWA Power" компанияси Ўзбекистонда умумий қиймати 5 миллиард долларлик 19 та лойиҳани амалга оширганига эътибор қаратилган.
"Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Мақсадимиз сармояларни кенгайтиришдир. Форум давомида биз Ўзбекистон ҳукумати билан 5 миллиард долларлик янги шартнома имзолашни режалаштирганмиз", – дея Сумендра Роут сўзларидан иқтибос келтирилган материалда.
Мақолада ёзилишича, форумда сўзга чиққан "ACWA Power" компаниясининг Марказий Осиё бўйича президенти Абид Малик Ўзбекистонда шамол турбинаси компонентларини, жумладан, қанот ва турбиналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаси режалаштирилганини маълум қилди. Унинг айтишича, "ACWA Power" етказиб берувчилар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда ва қайта тикланадиган энергия лойиҳаларида ишлаётган маҳаллий корхоналарга техник ёрдам кўрсатмоқда.
Нашрда таъкидланишича, Қорақалпоғистонда 200 мегаватт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа доирасида "АCWА Поwер" ўзининг турбина етказиб берувчисига Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.
"Бизнинг етказиб берувчимиз яқин келажакда тўғридан-тўғри мамлакатда шамол турбиналари ва қанотларини ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда", – дея Абид Малик сўзларидан иқтибос келтирилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси