Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаб, халқаро сайёҳлик ярмаркасига мезбонлик қилишга тайёрланмоқда

Ноябрь 24, 2026. 12:00 • 3 дақ

• 108
Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаб, халқаро сайёҳлик ярмаркасига мезбонлик қилишга тайёрланмоқда
Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаб, халқаро сайёҳлик ярмаркасига мезбонлик қилишга тайёрланмоқда
Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаб, халқаро сайёҳлик ярмаркасига мезбонлик қилишга тайёрланмоқда

ҚОҲИРА, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Dostor”, “Alan” ва “See.news” нашрларида 25–27 ноябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган “CAEx Uzbekistan” кўргазмаси доирасида ташкил этиладиган “Ипак йўлида туризм – TITF 2026” 31-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ҳақида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “Dostor” нашрида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличевнинг сўзларидан иқтибос келтирилган. Таъкидланишича, мазкур ярмаркада 20 та мамлакатдан, жумладан, Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Россия, Туркия ва Вьетнамдан 300 дан ортиқ компания иштирок этади.

Бу Марказий Осиёдаги энг йирик сайёҳлик майдонларидан бири бўлиб, унда давлат тузилмалари, миллий туризм ташкилотлари, туроператорлар, авиакомпаниялар ва инвесторлар янги йўналишлар ҳамда қўшма лойиҳаларни муҳокама қилади. Сайёҳлар эса хорижий давлатлар вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлади.

Элчининг қайд этишича, тропик ороллар ва денгиз курортларидан тортиб, шаҳар ҳамда маданий саёҳатларгача бўлган янги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган. Дастурдан туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхоналар ва курортларнинг махсус таклифлари ҳамда чегирмалари, экологик ва гастрономик туризм, соғломлаштириш масканларида дам олиш, аюрведа ва тери парвариши каби йўналишлар ўрин олган.

Миллий павильонларда ҳудудий маҳсулотлар ва халқ ҳунармандчилиги буюмлари намойиш этилиб, таомлар дегустацияси ўтказилади.

“Alan” порталида Муҳаммад Иброҳим Ақлнинг “Ўзбекистон – Буюк Ипак йўли шон-шуҳратини қайта тиклаётган жаҳон сайёҳлик маркази” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф туризм соҳасининг ўсишидан далолат берувчи маълумотларни келтирган. Унга кўра, хорижий сайёҳлар сони 2016 йилдаги қарийб 2 миллион нафардан 2025 йилда 11,7 миллион нафарга етган, туризм хизматлари экспортидан тушган даромад эса 2025 йилда тахминан 4,8 миллиард долларни ташкил этган.

2026 йилнинг ўн ойи давомида мамлакатга 11,6 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди ва даромадлар деярли 6,1 миллиард долларга етди. 2030 йилгача мўлжалланган ривожланиш стратегиясига кўра, Ўзбекистон хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга етказишни мақсад қилган.

Шунингдек ўқинг

Муаллиф Ўзбекистонда туризм фақат тарихий-маданий йўналишлар билан чекланиб қолмаётгани, балки экологик, тиббий, саргузашт ва гастрономик туризм ҳам ривожланиб бораётганига эътибор қаратади. Унинг фикрича, ярмарка қўшма инвестициялар киритиш, авиақатновларни ривожлантириш ҳамда менежмент, маркетинг ва рақамли хизматлар соҳасида тажриба алмашиш учун имконият яратади.

“See.news” янгиликлар порталида чоп этилган “Барча йўллар Тошкентга олиб боради” номли мақолада тадбир ташкилотчилари ҳақида маълумот берилган. Унда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси, “Миллий PR-маркази” ва “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси (Бутунжаҳон туризм ташкилоти — UN Tourism иштирокида) ташкилотчилар сифатида қайд этилган.

Асосий тадбирлардан бири Туризм бўйича халқаро инвестиция форуми бўлиб, унда соҳага сармоя киритиш имкониятлари, меҳмонхона мажмуаларини ривожлантириш, тиббий ва экологик туризм масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, компаниялар ва инвесторлар ўртасида бевосита учрашувлар бўлиб ўтади.

Нашрнинг қайд этишича, Озарбайжон, Беларусь, Чехия, Хитой ва Гонконг, Грузия, Қирғизистон, Малайзия, Таиланд ҳамда Туркия ўз миллий павильонларини тақдим этади.

Мақолада ўқувчилар эътибори Грузиянинг Ажария минтақасидаги Қора денгиз курортлари, Малайзиянинг “Visit Malaysia 2026–2027” кампанияси ва Гонконгнинг “Only in Hong Kong” кампанияси доирасидаги дам олиш масканларига қаратилган.

Ўзбекистоннинг барча 12 та вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри ҳам ўз имкониятларини тақдим этади. Дастурдан B2B форматидаги учрашувлар, экспертлар иштирокидаги форумлар ва панель мунозаралари, ҳунармандчилик кўргазмаси ҳамда миллий таомлар намойиши ўрин олган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш