Logo

Ўзбекистон ва Қатар Бухорода янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди

Ноябрь 09, 2023. 09:55 • 57 сония

159
Ўзбекистон ва Қатар Бухорода янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди

ТОШКЕНТ, 9 ноябрь. /«Дунё» АА/. Қатарнинг собиқ Бош вазири, ушбу мамлакатдаги қатор йирик инвестиция ва саноат холдинглари асосчиси Ҳамад бин Жассим Ол-Соний бошчилигидаги делегация Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамроҳлигида кеча Бухоро вилоятига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, ташриф дастурига мувофиқ, Бухоро шаҳридаги қишлоқ хўжалиги кластери фаолияти билан танишилди. Меҳмон корхонада йўлга қўйилган оммабоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнларини юқори баҳолади.


Ҳамад бин Жассим Ол-Сонийга қишлоқ хўжалиги кластери фаолиятини кенгайтириш бўйича режалаштирилган лойиҳалар, Бухоро вилоятининг савдо-иқтисодий имкониятлари ва умуман, Ўзбекистонда яратилган инвестиция муҳитининг қулай шароитлари тақдим этилди.


Тақдимотлар чоғида турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишилди.


Меҳмонлар, шунингдек, Бухоронинг жаҳонга машҳур меъморий ансамблларига ташриф буюрдилар.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни Қатарнинг собиқ Бош вазири Ҳамад бин Жассим Ол Сонийни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан Бухоро шаҳрида замонавий меҳмонхона мажмуасини қуриш масалалари кўриб чиқилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш