Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқи - Марказий Осиё Сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди
Июль 17, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 105ТОШКЕНТ, 17 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов бошчилигидаги делегация 15-16 июль кунлари Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги Сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотнинг 13-йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқот давомида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити якунлари ҳамда икки минтақа ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни изчил давом эттириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси Еврокенгаш Президентининг ташқи сиёсат бўйича бош маслаҳатчиси Антон Бура, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати Бош котиби ўринбосари Олоф Скуг ҳамда Бельгия Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича бош директори Вероник Петит билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, “Глобал дарвоза” ташаббуси доирасидаги лойиҳалар, шунингдек транспорт, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Европа томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва интеграция жараёнларини илгари суришдаги фаол ролини юқори баҳолади ҳамда эришилган келишувларни амалий рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



