Халқаро жарроҳлик гуруҳи Оролбўйида беморларни бепул даволашни амалга оширади
Апрель 30, 2025. 10:11 • 2 дақ
• 895
ТОШКЕНТ, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова ҳамда соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Даврон Султонов "Ал-Амал" халқаро жарроҳлик гуруҳи раҳбари Ҳишом Буризқ ва Кувайтнинг "Шайх Абдуллоҳ ан-Нурий" хайрия ташкилоти раҳбари Абдулатиф аз-Зафири билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, учрашув давомида салкам 500 нафар беморни бепул диагностика ва даволашни ўз ичига олган навбатдаги гуманитар миссиянинг мақсадлари муҳокама қилинди. Томонлар аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва замонавий тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги ташаббуснинг аҳамиятини таъкидладилар.
Мазкур инсонпарварлик миссиясининг Қорақалпоғистон учун муҳим аҳамиятга эгалиги, лойиҳа эса нафақат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, балки мамлакатлар ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Учрашувда ташкилий масалалар, бўлажак операцияларни режалаштириш, шунингдек, тиббиёт соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида томонлар узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга, жумладан, қўшма тиббий дастурларни амалга ошириш, ўқув тадбирларини ўтказиш ҳамда икки давлат мутахассислари ўртасида тажриба алмашишга қизиқиш билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова 15 апрель куни Ал-Кувайт шаҳрида "Шайх Абдулла ан-Нурий" хайрия ташкилоти менежери Абдуллатиф аз-Зафирий билан учрашган эди. Унда шу йил 28 апрелдан 6 майга қадар Қорақалпоғистонга ташриф буюришни режалаштираётган "Ал-Амал" халқаро жарроҳлик гуруҳининг (HOPE) инсонпарварлик миссиясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ЕИ билан фуқароларимиз учун виза тартибини соддалаштириш бўйича музокара ўтказди
Тошкентда Ўзбекистон-Бразилия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди