Logo

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Ядро синовларини таъқиқлаш тўғрисидаги умум қамровли ташкилот ҳузурида аккредитация қилинди

Ноябрь 21, 2023. 16:17 • 2 дақ

443
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Ядро синовларини таъқиқлаш тўғрисидаги умум қамровли ташкилот ҳузурида аккредитация қилинди

ВЕНА, 22 ноябрь. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Венадаги Ядро синовларини таъқиқлаш тўғрисидаги умум қамровли ташкилот ижрочи котиби Роберт Флойдга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Расмий маросим Вена шаҳридаги мазкур ташкилот қароргоҳида бўлиб ўтди.


Маросим доирасидаги суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.


Ижрочи котиб Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд ташкил этишда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. "Ўзбекистонда тўпланган ноёб тажриба эътиборга лойиқ ва бу тажриба  тарқатишга лойиқдир", деди у.


Кейинги пайтлардаги ўзаро ҳамкорликнинг динамикасига юқори баҳо берилди. Ўзбекистон миллий маълумотлар марказининг Вена шаҳрида жойлашган ушбу ташкилотнинг халқаро маркази билан ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда.


Томонлар Ташкилот томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида Ўзбекистондан кўплаб мутахассислар тайёрлангани ва тажриба орттиришганини таъкидладилар. Бу Ўзбекистон  учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, ядро хавфсизлиги ва уни тарқатмаслик соҳасида кадрлар тайёрлашга кўмаклашади.


Ушбу муваффақиятли амалиётни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди, бу нафақат ахборот хавфсизлигига, балки ядро қуролини тарқатмаслик соҳасидаги мутахассисларнинг касбий маҳорати ва билимларини мустаҳкамлашга ҳам кўмаклашади.


Роберт Флойд ўз ташкилоти Ўзбекистон билан инсон ресурсларини шакллантириш ва қўшма тадбирлар ўтказиш орқали ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.


Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистоннинг янги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Австрия ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқлари нусхасини тақдим этди. У 57 ёшда. Тошкент Халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлаган. 1992 йилдан бери дипломатик хизматда. Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппарати ва Ўзбекистоннинг АҚШ ва Жанубий Кореядаги хорижий муассасаларида ишлаган. Венага элчи этиб тайинланишидан олдин у Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги БМТ ҳузуридаги доимий вакили бўлган. У Фавқулодда ва Мухтор элчи дипломатик мартабасига эга.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш