Малайзия компанияси Ўзбекистонда шоличилик кластерини ташкил этишга қизиқиш билдирмоқда
Ноябрь 23, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 44
КУАЛА-ЛУМПУР, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия “Silkharvest Agro Sdn. Bhd.” компанияси бошқарув директори Муҳаммад Анвар ҳамда Муда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш агентлиги (MADA) вакили билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида шоличиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Компания раҳбари Ўзбекистон ҳудудларида шоли етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш ҳамда бунинг учун Малайзиядан тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилишга тайёрлигини билдирди.
Малайзия томони тақдим этган таклифга кўра, мазкур лойиҳа саноат миқёсида шоли етиштириш ва соҳага замонавий хўжалик бошқаруви тизимини жорий этиш, ирригация, дренаж тизимлари ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва илғор деҳқончилик технологияларини татбиқ қилишни қамраб олади.
Шунингдек, шолини қайта ишлаш, қадоқлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, технологиялар трансфери орқали маҳаллий кадрлар малакасини ошириш ҳамда барқарор таъминот занжирларини шакллантириб, ташқи бозорларга чиқишни таъминлаш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида шоличилик кластерини ташкил этишда Малайзиянинг илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий қилиш бўйича MADA агентлиги “Silkharvest Agro Sdn. Bhd.” компаниясига технологик ҳамкор сифатида кўмак кўрсатади.
1970 йилда Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган MADA агентлиги мамлакатда шоличилик, сув ресурсларини бошқариш, суғориш тизимлари, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва фермерлар даромадини ошириш йўналишларига ихтисослашган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси