ТИВда Индонезия, Малайзия ва Сингапурдан Ўзбекистонга кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
Июль 14, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 249ТОШКЕНТ, 14 июль. /“Дунё” АА/. Кеча Ташқи ишлар вазирлигида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Индонезия, Малайзия ва Сингапурдан мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кенгайтиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, гибрид форматда ташкил этилган ушбу йиғилишда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмитаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Бухоро, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, “Uzbekistan Airways” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ, маҳаллий авиаташувчи компаниялар, “Uzbekistan–Malaysia–Indonesia Travel Association”, “Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси”, шунингдек, туристик компанияларнинг 40 нафарга яқин вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда Жанубий-Шарқий Осиё давлатларидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш йўлидаги транспорт-логистика, хизмат кўрсатиш ва тарғибот масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Малайзиядан қатновларни кўпайтириш ҳамда Индонезия ва Сингапурдан тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, “Умра+” дастури доирасида зиёрат туризми бўйича тарғибот ишларини жадаллаштириш, хорижий зиёратчилар учун инфратузилмани халқаро ҳалол стандартларига мослаштириш ва сайёҳлик компаниялар билан ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир “муаммо-таклиф-ечим” форматидаги очиқ мулоқот кўринишида бўлиб ўтди ва унда томонлар соҳадаги муаммо ҳамда мавжуд имкониятлар юзасидан конструктив фикр алмашишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



