Илҳом Алиев: Қорабоғни тиклашда биринчи ёрдам Ўзбекистондан келди
Июль 14, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 46
БОКУ, 14 июль. /“Дунё” АА/. Кеча Президент Илҳом Алиев IV Шуша Глобал медиа форумининг очилиш маросимида сўзга чиқиб, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш Озарбайжон учун устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Муҳтарам Президент Шавкат Миромонович билан шахсий дўстлигимиз бу муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқди. Қорабоғни тиклашда бизга биринчи бўлиб Ўзбекистон Президенти ёрдам берганини алоҳида таъкидлайман. Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги кўркам ва катта мактаб қурилди ҳамда биз Шавкат Миромонович билан биргаликда ушбу мактабни очдик. Шундан сўнг бизга бошқа қардош давлатлар - Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳам совғалар тақдим этди. Лекин биринчи ёрдам айнан Ўзбекистондан келди”, – деди Озарбайжон етакчиси.
Президент Илҳом Алиев икки мамлакатни жуда чуқур тарихий ришталар боғлаб туриши ҳамда Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири эканини қайд этди. Озарбайжон раҳбари Ўзбекистоннинг биродарлик миссияси фақат мактаб билан чекланиб қолмаганига эътибор қаратди. Хонкенди шаҳридаги биринчи йирик саноат корхонаси – тикувчилик фабрикаси ҳам айнан ўзбек сармояси ҳисобидан очилди.
“Кўплаб иқтисодий ва саноат лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларга ҳам Озарбайжон, ҳам Ўзбекистон сармоялари киритилмоқда. Биз устав капитали 500 миллион доллар бўлган қўшма инвестиция фондини туздик. Мазкур инвестиция фонди Ўзбекистон ва Озарбайжонда турли лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланмоқда. Бугун Озарбайжоннинг SOCAR нефть компанияси Ўзбекистондаги муҳим конни қидиришга сармоя киритмоқда ва яқин келажакда яхши хабарлар эшитишга ишонамиз. Чунки бугунги кунда энергетика хавфсизлиги, айниқса, газ таъминоти масалалари кўплаб мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга ва “Устюрт” конидаги қидирув ишлари яхши натижалар беришига ишонаман”, – деди Озарбайжон Президенти.
Озарбайжон раҳбари “Озарбайжон – Марказий Осиё” формати ташкил этилганига алоҳида тўхталиб, бунда ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг юксак хизматлари ва ўзига хос ўрни борлигини таъкидлади. “Озарбайжон аллақачон ушбу Маслаҳат кенгашига тўлақонли аъзо сифатида қўшилди. Мени икки марта саммитларга фахрий меҳмон сифатида таклиф қилишди. Охирги марта ташкил этилган учрашувда ягона “Озарбайжон – Марказий Осиё” Маслаҳат кенгаши тузилди. Бу бизда катта ғурур ва қувонч уйғотади. Айтишим мумкинки, бу ноёб ҳодиса, чунки географик жиҳатдан биз Жанубий Кавказда жойлашганмиз. Бироқ маданий, тарихий ва этник алоқалар шунчалик мустаҳкам, сиёсий муносабатлар эса шу қадар кўп қирралики, Марказий Осиёдаги дўст мамлакатлар бизни қабул қилишга қарор қилди”, – деди Илҳом Алиев.
Озарбайжон давлат раҳбарининг фикрича, бундай муносабатлар бугунги кунда геосиёсий ва геоиқтисодий муносабатларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки шу тариқа Марказий Осиё Озарбайжон билан ягона иқтисодий ва сиёсий маконда бирлашади.
Таъкидланганидек, “Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билиши ва стратегик қарашлари бу борада жуда муҳим аҳамият касб этди”.
“Қардош ўзбек халқи ва давлати Президент Шавкат Мирзиёев етакчилигида муваффақиятли тарзда ва ишонч билан олға бораётгани эътирофга лойиқ”, – дея сўзини якунлади Озарбайжон Президенти.
Озарбайжон Президенти сайтидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси