ТИВда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги таълим ва илмий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Июль 09, 2026. 20:34 • 2 дақ
• 89ТОШКЕНТ, 9 июль. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида давлат раҳбари томонидан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида таълим, фан ва инновациялар соҳасида илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Гибрид форматда ўтказилган тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, “Ўзбеккосмос” агентлиги, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Туркий университетлар иттифоқи (TURKUNIB)га аъзо олий таълим муассасаларининг 30 га яқин вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизнинг TURKUNIBга раислиги доирасида амалга оширилган ишлар, “Ўрхун” академик алмашинув дастурининг бугунги ҳолати, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида туркий давлатлар ёшлари учун таълим грантларини жорий этиш, Туркий давлатлар халқаро университети негизида қўшма тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ташкилот доирасида жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар, хусусан, Туркий фан ва инновациялар кунларини ўтказиш ҳамда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодиёти - туркий дунё маънавий ҳаётида” мавзусидаги халқаро илмий конференцияга тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


