"Berliner Zeitung": ЮНЕСКО Бош конференцияси ўз тарихида илк бор Париждан ташқарида ўтмоқда
Ноябрь 03, 2025. 20:41 • 3 дақ
• 89
БЕРЛИН, 3 ноябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг етакчи "Berliner Zeitung" онлайн нашрида "ЮНЕСКО Бош конференцияси ўз тарихида илк бор Париждан ташқарида" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани рамзий аҳамиятга эга. Муаллифнинг таъкидлашича, 1945 йилда ташкил этилган БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти тарихида биринчи марта Бош конференция Париждан ташқарида — мағриб ва машриқни боғлаб турган қадимий Буюк Ипак йўлининг гавҳари саналган Самарқандда бўлиб ўтмоқда.
Нашр ёзишича, мазкур нуфузли анжуманни Самарқандда ўтказиш қарори ўтган йили Парижда бўлиб ўтган Бош конференцияда қабул қилинган. Форум 2025 йил 13 ноябргача давом этади ва унинг асосий мавзуси ЮНЕСКОнинг 2026–2029 йилларга мўлжалланган дастуридир.
"Самарқандни танлаш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро ҳамжамиятнинг эътирофи ва ишончи сифатида қаралмоқда. Сайёҳлик маркази бўлган Самарқанд дунёдаги энг қадимий маданий ва цивилизация марказларидан бири бўлиб, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Конференцияни Самарқандда ўтказиш қарори мамлакатнинг кўп асрлик тарихи ва замонавий ўзгариш жараёнлари ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этади", - дейилади мақолада.
"Berliner Zeitung"да ёритилганидек, Ўзбекистон кўп йиллардан бери ЮНЕСКО билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Устувор йўналишлар қаторига таълим, халқаро мулоқот, маданий ва тарихий меросни муҳофаза қилиш ҳамда тарғиб этиш киради. Ўзбекистон ташаббуси билан қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига Ўзбекистондан Хивадаги Ичан-Қалъа, Самарқанд, Буюк Ипак йўлининг Зарафшон–Қорақум йўлаги, Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари, Ғарбий Тянь-Шань ҳамда Турон чўллари киритилган. Ўзбек маданиятининг 16 элементи (улардан 11 таси 2016 йилдан буён) номоддий мерос сифатида рўйхатга олинган.
Таълим соҳасида Ўзбекистонда 8 та ЮНЕСКО кафедраси ва 24 та мактаб уюшмаси фаолият юритмоқда. 2024 йилда Самарқанд давлат университетида "Буюк Ипак йўли бўйлаб мерос туризмини барқарор ривожлантириш" кафедраси очилган. Тошкент ва Фарғона шаҳарлари ташкилот шафелиги остидаги 79 мамлакатдан 356 шаҳарни қамраб олган "Глобал ўқув шаҳарлари" тармоғига кирган. Яқин келажакда бу рўйхатга Самарқанд ва Нукус шаҳарлари ҳам қўшилиши кутилмоқда.
ЮНЕСКО келгуси йиллар учун тўртта стратегик мақсадни белгилаган: таълимда иштирокни чуқурлаштириш, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни таъминлаш, адолатли, инклюзив ва тинч жамиятларни ривожлантириш ҳамда инсоният манфаатлари йўлида инновация ва технологиялардан самарали фойдаланишни рағбатлантириш.
Сунъий интеллект соҳасидаги этикага оид тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳамкорлигида таъсис этилган, икки йилда бир марта бериладиган халқаро Беруний мукофотининг ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам Бош конференция доирасида бўлиб ўтади.
Самарқанддаги Бош конференция учун махсус яратилган "Яшил боғ"да рамзий дарахт экиш маросими ўтказилди. Ушбу боғ Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларига содиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашдаги фаол позициясини ифодалайди.
"Анжуманда Хитой, Россия, Грузия, Малайзия, Ангола ва бошқа давлатлар иштирокида ўнлаб тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган", - деб ёзади "Berliner Zeitung" нашри.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини расман якунлади
"The European Circle": Самарқанд қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган
"India Blooms": Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда