"India Blooms": Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
Ноябрь 09, 2025. 09:17 • 3 дақ
• 87
ДЕҲЛИ, 9 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг "India Blooms" ахборот порталида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Муаллиф Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлигини кенг қамровда таҳлил қилиб, ушбу шериклик алоқалари миллий таълим тизими, илмий салоҳият ва бой маданий меросни жаҳон интеллектуал маконига интеграция қилишда асосий элемент бўлаётганини таъкидлаган.
Мақолада Ўзбекистон 1993 йилда ЮНЕСКОга аъзо бўлганидан ва 1996 йилда ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилганидан буён таълим ва фан соҳаларидаги халқаро норма ва тамойилларга қатъий амал қилиб келаётгани таъкидланган.
Ҳамкорликнинг энг долзарб йўналишларидан бири – бу Ўзбекистон томонидан ЮНЕСКОнинг Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенциясига қўшилиш бўйича олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлардир. Ушбу ташаббус диплом ва малакаларнинг ўзаро тан олинишини таъминлашга қаратилган бўлиб, академик ва илмий мобилликни сезиларли даражада кенгайтиради.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистон олий таълим тизимини жаҳон миқёсида янада очиқ ва рақобатбардош қилади, шунингдек, мамлакатимиз олий ўқув юртлари битирувчиларининг хорижда ишга жойлашиш имкониятларини яхшилайди.
Ўзаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати Ўзбекистон олий таълим муассасаларида фаолияти йўлга қўйилган тўққизта ЮНЕСКО кафедрасидир. UNITWIN дастури доирасида ташкил этилган мазкур кафедралар таълим, фан ва барқарор ривожланиш соҳаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу тузилмалар университетларнинг ўзлари томонидан молиялаштирилаётгани олий таълим муассасаларининг академик нуфузни оширишга интилиши ва халқаро илмий ҳамжамиятда фаол иштирок этишга тайёрлигидан далолат беради. Мақолада Урганч давлат университетидаги "Барқарор ривожланиш таълими" ЮНЕСКО кафедраси муваффақиятли мисол сифатида келтирилган.
Йирик қўшма лойиҳалардан бири – бу 2020–2026 йилларга мўлжалланган, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ва ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилаётган "Ўзбекистон қишлоқ жойларида ишга жойлаштириш кўникмаларини ривожлантириш" лойиҳасидир.
Бюджети 9,6 млн евро бўлган мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалиги таълимини модернизация қилиш ва интенсив боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги ва сувни тежайдиган технологиялар каби талаб юқори бўлган йўналишларда мутахассислар тайёрлашга қаратилган.
Унинг доирасида Ўзбекистоннинг Миллий профессионал таълим стратегияси ишлаб чиқилмоқда ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари бўйича янги касбий стандартлар ва таълим дастурлари яратилмоқда. Шу билан бирга, пилот таълим муассасаларини замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, лабораториялар ташкил этиш ва таълим муҳитини тубдан янгилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мақола муаллифи фан ва инновацияларга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлайди ҳамда бунинг ёрқин намунаси сифатида ҳар йили ўтказилаётган "InnoWeek.Uz" халқаро инновацион ғоялар ҳафталигини келтирган. 2024 йилда ЮНЕСКО шафелигида ташкил этилган "Тинчлик ва барқарор келажак йўлида фан ва инновациялар" форумида ёш олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассислар тинчлик ва барқарор келажак учун фан ва инновациянинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Қўнғиротбой Шарипов ушбу ташаббусларнинг барчаси Ўзбекистоннинг маърифат ва илм-фан орқали тараққиёт ва барқарор келажакка эришишдек ягона мақсадини акс эттиришини таъкидлаган. Бу эса ЮНЕСКОнинг "Тинчликни таълим, фан ва маданият орқали мустаҳкамлаш" олижаноб шиорига тўлиқ мос келади, деб хулоса қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини расман якунлади
"The European Circle": Самарқанд қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган
"Nabd al Hadath": ЮНЕСКОнинг 43-сессияси дунё ҳамжамияти эътиборига тушмоқда