Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини расман якунлади
Ноябрь 14, 2025. 16:04 • 2 дақ
• 141
САМАРҚАНД, 15 ноябрь /"Дунё" АА/. 13 ноябрь куни Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ялпи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда, "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, бу сессия сўнгги 40 йил ичида илк бор Ташкилот қароргоҳидан ташқарида ўтказилган энг йирик халқаро форумнинг муваффақиятли якунланишини белгилади.
Йиғилиш якунларига кўра, Бош конференция томонидан "Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига миннатдорлик ифодаси" номли расмий ҳужжат қабул қилинди.
Ҳужжатда Ўзбекистон Президентининг беқиёс қўллаб-қувватлови, Бош конференцияни ташкил этиш ва ўтказишдаги юксак эътибори ва шахсан иштироки, шунингдек, Ўзбекистон халқи томонидан кўрсатилган меҳмондўстлик ва юқори даражадаги сессияни ўтказиш ташаббуси учун чуқур миннатдорлик изҳор этилган.
Қарорда Ўзбекистоннинг қадимий цивилизация ва бой маданий меросга эга мамлакат сифатидаги маданий бойликлари барча иштирокчилар учун илҳом манбаи бўлгани, халқаро ҳамжиҳатлик, ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшгани таъкидланган.
ЮНEСКО тарихида илк бор қабул қилинган ушбу қарор Ташкилот ғояларини илгари суриш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда жаҳонда бирлик, бағрикенглик ва тинчликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг муҳим ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этишини англатади.
43-сессия раиси Хондкер Талҳа йиғилишда сўзга чиқиб, Самарқандда сессияни ўтказиш ташаббуси ва уни юқори даражада ташкил этгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
ЮНEСКО Ижроия кенгаши раиси Вера Лакёй, Бош директорнинг биринчи ўринбосари Синь Цюй ва бошқа делегатлар Ўзбекистон раҳбариятига меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Самарқандда бўлиб ўтган сессия иштирокчилари учун "нафақат дипломатик, балки маънавий тажриба" бўлганини таъкидладилар.
Таъкидланишича, Самарқанд сессияси ЮНEСКО тарихида янги саҳифа очди ва барча аъзо давлатлар хотирасидан илҳомлантирувчи ҳамда муваффақиятли йиғилиш сифатида ўрин олди. "Самарқанд руҳи" очиқлик, ишонч ва ўзаро тушуниш тимсоли сифатида Ташкилотнинг кейинги йиғилиш ва ташаббусларида ҳам ўз аксини топишига ишонч билдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
"The European Circle": Самарқанд қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган
"India Blooms": Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
"Nabd al Hadath": ЮНЕСКОнинг 43-сессияси дунё ҳамжамияти эътиборига тушмоқда