Logo

"Nabd al Hadath": ЮНЕСКОнинг 43-сессияси дунё ҳамжамияти эътиборига тушмоқда

Ноябрь 04, 2025. 17:35 • 2 дақ

71
"Nabd al Hadath": ЮНЕСКОнинг 43-сессияси дунё ҳамжамияти эътиборига тушмоқда

АР-РИЁЗ, 4 ноябрь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг машҳур "Nabd al Hadath" нашрида Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференцияси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нуфузли нашрда маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган қадимий Самарқандда ўтказилаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ҳақида илиқ фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Хусусан, ушбу конференциянинг қирқ йил ичида биринчи бор ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳи ташқарисида ташкил этилиши бутун дунё ҳамжамияти эътиборига тушгани таъкидланган. Бундай кенг кўламли форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатнинг жаҳон меросини сақлаш ва тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси тобора ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланган. 

Материалда мазкур йирик тадбирда 190 та аъзо давлат ва халқаро ташкилотлардан 2 минг 800 нафардан ортиқ вакилларнинг қатнашиши конференцияга бўлган эътибор ҳамда қадимдан илм-фан ва маданият ўчоғи саналган Самарқанд заминига қизиқишдан далолат экани баён этилган.

Самарқанд сессияси доирасида 150 дан ортиқ турли учрашув, Ўзбекистон ташаббуси билан 20 дан зиёд қўшимча тадбирлар ташкил этилади. Жумладан, конференция доирасида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Словакия Президенти Петер Пеллегрини ва ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

 ЮНЕСКОнинг 43-сессияси мамлакатимиз ва жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жами 500 нафардан зиёд оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан кенг ёритилмоқда.

"Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Бош конференциясига мезбонлик қилиши, нафақат дипломатик муваффақият, балки мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олиниши, маданият ва ғоялар ўртасидаги мулоқот масканига айлантирмоқда", – дейилади "Nabd al Hadath" нашрида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш