Logo

"Daily News Hungary": ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон дипломатиясининг катта ютуғи

Октябрь 08, 2025. 11:09 • 2 дақ

75
"Daily News Hungary": ЮНEСКО Бош конференцияси  43-сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон дипломатиясининг катта ютуғи

 БУДАПЕШТ, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Венгриянинг оммабоп "Daily News Hungary" онлайн нашрида "ЮНEСКО Бош конференциянинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданий-маърифий тараққиётига қўшган ҳиссасининг эътирофидир" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда 2023 йил 7–22 ноябрь кунлари Парижда бўлиб ўтган ЮНEСКО Бош конференциясининг 42-сессияси якунлари бўйича навбатдаги, 43-сессияни 2025 йилда Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорнинг қабул қилиниши, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак эътирофи бўлгани ҳақида ёзилган.

"Бу қарор Ўзбекистоннинг катта дипломатик ютуғи ҳамдир, чунки ЮНEСКО сўнгги 40 йил ичида ўз сессиясини Париждан ташқарида ўтказиши биринчи марта кузатилмоқда. Самарқанднинг шундай муҳим глобал форум ўтказиладиган жой сифатида танланиши Ўзбекистоннинг маданият, фан, таълим, коммуникация ва ахборот соҳаларидаги ютуқлари, шунингдек, мамлакатнинг бой тарихий ва маданий меросининг халқаро миқёсда тан олинганлигининг ёрқин далилидир", – дея қайд этган муаллиф.

Нашрда таъкидланишича, 43-сессия ва унга ҳамроҳ бўладиган тадбирларда 194 мамлакатдан 5000 дан ортиқ вакил иштирок этиши кутилмоқда. Асосий конференция доирасида Ўзбекистон ҳукумати ЮНEСКО билан ҳамкорликда музей фаолиятида сунъий интеллектнинг роли, гендер тенглиги, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган қатор тадбирларни ўтказиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, асосий конференция арафасида Самарқандда ЮНEСКОнинг ХIV Ёшлар форуми ва ЮНEСКО ишлари бўйича миллий комиссияларнинг ХII Минтақалараро учрашуви ҳам бўлиб ўтади. "Ўзбекистоннинг ЮНEСКО билан ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланмоқда. Ташкилот кўмагида мамлакатнинг бой тарихи, қадимий анъаналари ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, уларни келажак авлодлар учун сақлаб қолишга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Бу йўналишлар миллий сиёсатнинг асосий стратегик устувор йўналишлари қаторига киради", – дея урғуланган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш