Logo

"El Mundo Financiero": ЮНEСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳо

Октябрь 15, 2025. 11:38 • 2 дақ

73
"El Mundo Financiero": ЮНEСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳо

МАДРИД, 16 октябрь. /"Дунё" АА/. Испаниянинг оммабоп "El Mundo Financiero" нашрида "ЮНEСКО Бош конференциянинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданий-маърифий тараққиётига қўшган ҳиссасининг эътирофидир" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг 2025 йилда айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳо сифатида қайд этилган.

"Самарқанднинг ушбу жаҳон миқёсидаги тадбирни ўтказиш жойи сифатида танланиши Ўзбекистоннинг маданият, илм-фан, таълим коммуникация ва ахборот соҳаларидаги ютуқлари ҳамда бой тарихий ва маданий меросининг яққол эътирофи ҳамдир. Марказий Осиёнинг энг қадимий ва буюк шаҳарларидан бири бўлган Самарқанд ўзининг муҳташам меъморий обидалари, бой тарихи билан ном қозонган. Шаҳар Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси вазифасини ўтаган", – деб ёзган муаллиф.

Нашрда таъкидланишича, 43-сессия ва унинг доирасидаги тадбирларда 194 давлатдан 5 мингдан ортиқ иштирокчи келиши кутиляпти. Бош конференция доирасида Ўзбекистон томонидан ЮНEСКО билан ҳамкорликда қатор қўшма тадбирлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

"Бош конференция арафасида Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО XIV Ёшлар форуми ҳамда ЮНEСКО ишлари бўйича миллий комиссияларнинг XII Минтақалараро анжуманлари ҳам ўтказилади", – дея урғуланган.

Мақола якунида, "ЮНEСКО Бош конференциянинг Самарқандда ўтказилиши нафақат Ўзбекистоннинг жаҳон маданий-маърифий тараққиётига қўшган ҳиссасининг эътирофи, балки тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш муҳимлигини яна бир бор таъкидлаш учун қулай имкониятдир. Ушбу анжуман халқаро даражадаги маданий алмашинув ва барқарор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади", – деб таъкидланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш