"Q8 Press": Самарқандда ўтадиган ЮНEСКО Бош конференцияси Ўзбекистоннинг жаҳон туризм индустриясидаги ўрнини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшади
Октябрь 13, 2025. 19:08 • 2 дақ
• 67
АЛ-КУВАЙТ, 15 октябрь. /"Дунё" АА/. Кувайтнинг "Q8 Press" электрон порталида "Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасидаги ҳамкорлик туризм учун янги уфқларни очади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон жаҳон туризм харитасида муҳим сайёҳлик йўналиши сифатида тобора ривожланиб бораётгани, мамлакатнинг бой маданий мероси ва бетакрор табиий ландшафтлари хорижий саёҳатчиларни тобора кўпроқ ўзига жалб этаётгани ҳақида сўз боради.
"Ўзбекистон учун ЮНEСКО билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Тарихий иншоотлар ва археологик объектларнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши уларни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш, сайёҳлар орасида қизиқиш уйғотиш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон туризм индустриясидаги ўрнини мустаҳкамлашда улкан ҳисса қўшади", – деб ёзилган материалда.
Нашрда маълум қилинганидек, Ўзбекистондаги 7 та объект, жумладан, учта трансчегаравий объект ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ушбу объектларнинг ҳар бири сайёҳлик маршрутларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди, хорижий ташриф буюрувчилар оқимининг кўпайишига ҳисса қўшади ҳамда бизнес, меҳмондўстлик сектори, хизмат кўрсатиш соҳаси ва транспорт инфратузилмаси учун янги имкониятлар очади.
Кувайт ОАВ ёзганидек, 2025 йилда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига Самарқанд шаҳри мезбонлик қилиши алоҳида рамзий аҳамиятга эга. Ушбу йирик тадбир 40 йил ичида биринчи марта Франция пойтахти ташқарисида ўтказилади.Форум 200 га яқин давлатдан делегатларни жамлайди ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш учун ўзига хос платформа бўлади.
Мақола интиҳосида таъкидланганидек, "Ўзбекистон учун ушбу тадбир жаҳон сайёҳлик маркази ва цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, саноат ривожланиши ва халқаро ҳамкорлик учун янги уфқларни очишда муҳим қадамдир".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини расман якунлади
"The European Circle": Самарқанд қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган
"India Blooms": Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда