Logo

Қирғизистон ОАВ: Самарқандда тарихий анжуманга тайёргарлик якуний паллага кирди

Октябрь 10, 2025. 15:27 • 2 дақ

84
Қирғизистон ОАВ: Самарқандда тарихий анжуманга тайёргарлик якуний паллага кирди

ЎШ, 15 октябрь. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг етакчи "Alliance Press" нашрида ЮНEСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилишига оид мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг 2025 йилда айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳо сифатида қайд этилган. Шунингдек, Самарқандда тарихий анжуманга тайёргарлик якуний паллага киргани урғуланган.

"Марказий Осиёнинг энг қадимий ва буюк шаҳарларидан бири бўлган Самарқанд ўзининг муҳташам меъморий обидалари, бой тарихи билан ном қозонган. Шаҳар Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлаган қадимий Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси вазифасини ўтаган", – деб ёзган муаллиф.

Нашрда, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон-ЮНEСКО ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланаётгани таъкидланган.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЮНEСКО Бош директори Одри Азулени бир неча бор қабул қилди. Хусусан, сўнгги учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 12 март куни Францияга амалга оширган давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди",- дея алоҳида урғуланган мақолада.

Бундан ташқари, мақолада берилган маълумотларга кўра, 43-сессия ва унинг доирасидаги тадбирларда 194 давлатдан 5 мингдан ортиқ иштирокчи келиши кутиляпти. Бош конференция доирасида Ўзбекистон томонидан ЮНEСКО билан ҳамкорликда қатор қўшма тадбирлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

"Бош конференция арафасида Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО ХIV Ёшлар форуми ҳамда ЮНEСКО ишлари бўйича миллий комиссияларнинг ХII Минтақалараро анжуманлари ҳам ўтказилади", – деб таъкидланган материалда.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш