Logo

Профессор Куршад Зорлу: ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилиши бутун туркий дунё учун фахри

Октябрь 06, 2025. 07:26 • 2 дақ

136
Профессор Куршад Зорлу: ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилиши бутун туркий дунё учун фахри

AНҚАРА, 8 октябрь /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ҳамкорлиги кунига бағишланган "Дипломатик нонушта" ташкил этилди, деб хабар бермоқда, "Дунё" АА мухбири.

Туркия Адолат ва тараққиёт партияси ва ТДТга аъзо давлатлар элчихоналари билан ҳамкорликда уюштирилган тадбир 6-7 октябрь кунлари "Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик" шиори остида Озарбайжонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг XII саммити доирасида ўтказилди.

Унда туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

 Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги ташаббуслари ҳақида маълумот берилди. 2019 йилда Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб кириши, мазкур тузилманинг нуфузини янада оширгани таъкидланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ТДТ ва хусусан Туркия билан муносабатлари янада юқори даражага кўтарилгани қайд этилди.

Туркия Адолат ва тараққиёт партияси аъзоси, профессор Куршад Зорлу ўз чиқишида қуйидагиларни таъкидлади: "Ўзбекистон билан алоқаларимиз стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилган. Яқинда партиямиз делегацияси Ўзбекистонда бўлиб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорлик меморандуми имзолади. Ўзбекистондаги тадқиқот марказлари билан Имом Мотуридий халқаро конференцияси ўтказишни таклиф этдик. Биз Ўзбекистон тарихига бағишланган "Мовий гумбазлар" ҳужжатли фильми суратга олдик ва у Туркия телевидениесида намойиш этилади. – ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бутун туркий дунёнинг фахр-ифтихорига сабаб бўлди. Бу ўз моҳиятига кўра Ўзбекистон, ўзбек маданияти, қадриятлари нафақат туркий дунёда, балки бутун дунёда юксак аҳамият касб этишидан далолатдир."

"Дипломатик нонушта" якунида унинг иштирокчилари ушбу шаклдаги мулоқотни мунтазам ташкил этиш тўғрисида таклифни қўллаб-қувватладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш