Logo

Самарқандда ЮНЕСКО ўзининг глобал миссиясида янги бобни очмоқда

Ноябрь 03, 2025. 17:53 • 2 дақ

53
Самарқандда ЮНЕСКО ўзининг глобал миссиясида янги бобни очмоқда

БУДАПЕШТ, 3 ноябрь. /"Дунё" АА/. Венгриянинг етакчи "Hungarian Conservative" ахборот-таҳлилий нашрида "Париждан Самарқандгача: ЮНЕСКО ўзининг глобал миссиясида янги бобни очмоқда" номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, Самарқанд шаҳрида таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ўтказилаётган ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кириш сўзи билан очилган. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ушбу нуфузли тадбир сўнгги 40 йил ичида илк марта конференция ташкилотнинг Париждаги штаб-квартирасидан ташқарида ўтказилмоқда.

"ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференциясининг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши чуқур рамзий аҳамиятга эга – чунки мамлакат минтақавий тинчлик ва мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнади. Қолаверса, Ўзбекистоннинг минтақадаги давлатлар ўртасида барча соҳаларда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда" – дейилади манбада.

Шунингдек, таҳлилий журналда Президент Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Марказий Осиёда тинчлик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришгани, 2016 йилдан буён мамлакат Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларни нормаллаштиришда, чегараларни делимитация ва демаркация қилишда катта натижаларни қўлга киритгани ҳақида сўз юритилган.

 "Hungarian Conservative"да конференцияда Президент Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳақида ҳам маълумот берилган. Жумладан, таълим жараёнларига сунъий интеллект технологияларини интеграция қилиш, инсониятнинг номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш, хотин-қизлар лидерлигини ривожлантириш ва касбий ўсишни қўллаб-қувватлаш, глобал иқлим инқирозига қарши курашда бирлашиш ҳамда дезинформацияга қарши чораларни мустаҳкамлаш каби ташаббуслар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилган.

Материалнинг хулоса қисмида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар – таълим тизимини янгилаш, минтақавий тинчликни мустаҳкамлаш, қўшни ва жаҳон мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, "яшил иқтисодиёт" ғоясини илгари суриш каби кенг кўламли ишлар ушбу мамлакатни Марказий Осиёда ҳамкорлик ва тараққиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантиргани қайт этилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш