Самарқандда ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияларнинг 12-йиғилиши бўлиб ўтди
Октябрь 30, 2025. 18:56 • 2 дақ
• 65
МОСКВА, 30 октябрь. /"Дунё" АА/. Россиянинг "Вести Туризм" ахборот агентлиги "Самарқандда ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияларнинг 12-йиғилиши бўлиб ўтди" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, шу йил 29 октябрь куни Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияларнинг 12-йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбир 30 октябрдан 13 ноябргача Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси олдидан ташкил этилди.
Делегатлар ЮНЕСКО фаолиятининг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар. Улар орасида ёшлар ролини ошириш, маданиятлараро мулоқотни чуқурлаштириш, барқарор ривожланиш ва инклюзив ўсиш масалалари муҳим ўрин тутди. Йиғилиш тажриба алмашиш ҳамда ЮНЕСКОнинг глобал устувор йўналишларини миллий шароитларга мослаштириш бўйича стратегиялар ишлаб чиқиш учун муҳим минбар бўлди.
Йиғилишни очар экан, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Гаянэ Умерова тадбир кун тартиби жуда мазмунли эканини ва у ЮНЕСКО ривожланиши учун долзарб бўлган масалаларни қамраб олганини таъкидлади.
Ёшлар имкониятларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Гаянэ Умерова таъкидлаганидек, бу жараёнлар фақат билим ва кўникмаларни бериш билан чекланмаслиги керак. Ўзбекистон вакили ёшларда қадриятларни, ўзига ишонч ва етакчилик сифатларини шакллантириш муҳимлигини қайд этди, чунки айнан ёшлар ўз жамоаларда ижобий ўзгаришларнинг етакчисига айланишлари лозим.
Нашрда таъкидланишича, маърузада давлатлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этилди. "Миллий комиссиялар маҳаллий иштирокчилар билан ЮНЕСКОнинг глобал тармоқлари – ЮНЕСКО Ассоциялашган мактаблар тармоғи (ASPnet), клублар ва кафедралар – ўртасида воситачи вазифасини бажаради. Ёшлар ташкилотлари, илмий доиралар, маданий муассасалар ва бизнесни жалб этган ҳолда, улар ресурсларни сафарбар этадилар, дастурлар қамровини кенгайтирадилар ва ЮНЕСКО устувор йўналишларини ҳаётга татбиқ этадилар. Бу ЮНЕСКОни кўп томонлама ҳамкорлик майдони сифатида мустаҳкамлайди, бу ерда ҳамкорлик тинчлик ва барқарор ривожланишга асосий туртки бўлиб хизмат қилади", – дейилган материалда.
Қайд этилишича, конференциянинг кутилган натижаси ЮНЕСКОни кўп томонлама ҳамкорлик платформаси сифатида янада мустаҳкамлаш бўлади.
"Бу ерда ёшлар ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи, маданиятлараро мулоқот – тинчлик асоси, давлат, жамият ва бизнес ҳамкорлиги эса барқарор ривожланишга туртки бўлади. Иштирокчилар ёшларни жалб этиш, маданий меросни рақамлаштириш ва тармоқли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги ташаббуслар бўйича келишиб олдилар. Бу эса Миллий комиссияларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эриш бўйича ҳиссасини янада кучайтиради", – дея урғуланган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини расман якунлади
"The European Circle": Самарқанд қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган
"India Blooms": Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда