Logo

"Daily News Hungary": Янги Ўзбекистон сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳайратланарли ютуқларни қўлга киритмоқда

Июль 02, 2025. 10:13 • 2 дақ

48
"Daily News Hungary": Янги Ўзбекистон сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳайратланарли ютуқларни қўлга киритмоқда

БУДАПЕШТ, 1 июль. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Daily News Hungary" онлайн нашрида "Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон ҳақидаги қарашлари мамлакатни замонавий ва демократик давлат сари етаклайди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Янги Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳайратланарли ютуқларни қўлга киритаётгани қайд этилган.

"Шахсан мен 2024 йил кузида Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этдим. Тошкент ва қишлоқ жойлардаги бир нечта сайлов участкаларида бўлдим. Биринчи марта Қонунчилик палатасига сайловлар янги аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди. 75 нафар депутат сайловчилар томонидан тўғридан-тўғри, қолган 75 нафари эса партия рўйхатлари бўйича сайланди. Партиялар парламентга кириш учун камида 7 фоиз овоз тўплаши керак эди (Венгрияда бу кўрсаткич 5% ни ташкил қилади)", – деб ёзган муаллиф.

Шунингдек, мақолада мамлакат инфратузилмасини ривожлантиришга, жумладан, энергетика, нефть-газ сектори, сув хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланган.

"2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1983 АҚШ долларидан 4000 АҚШ долларигача, яъни икки бараварга ошириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш кўзда тутилган. Шуниси эътиборга лойиқки, ташқи монетар сиёсатга қарамликни камайтириш мақсадида Ўзбекистон ўз олтин захираларини 2030 йилга келиб 337 тоннадан 1200 тоннагача оширишни режалаштирмоқда", – дея урғуланган материалда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан инсон ҳуқуқлари соҳасида фаол ҳамкорлик қилаётгани ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишига улкан ҳисса қўшаётгани эътироф этилган.

"Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Янги Ўзбекистон дастури сиёсий тизимни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантиришга қаратилган. Ушбу кенг қамровли ислоҳотлар қонун устуворлигини, бозор иқтисодиётини ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда халқаро интеграцияга ҳам ёрдам беради. Узоқ муддатли истиқболда улар барқарор ўсишни ва Ўзбекистон халқи фаровонлигини оширишни таъминлайди", – деб ёзилган мақола хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш