Logo

"Daily News Hungary": 2025 йилнинг 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Давлат хизмати форуми бўлиб ўтади

Июнь 01, 2025. 11:50 • 2 дақ

113
"Daily News Hungary": 2025 йилнинг 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Давлат хизмати форуми бўлиб ўтади

БУДАПЕШТ, 30 май. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Daily News Hungary" онлайн нашрида "БМТнинг Давлат хизматлари форумининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакат учун тарихий сана" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Унда 2025 йилнинг 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Давлат хизмати форуми ўтказилиши маълум қилинган. Ушбу нуфузли халқаро тадбирнинг асосий мавзуси — "2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш". Форум БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилмоқда.

 Нашрда Ўзбекистонда 2017 йилда бошланган туб ислоҳотлар Ўзбекистон давлат хизмати тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга йўл очгани қайд этилган. "Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан давлат фуқаролик ҳукумати трансформация қилинди. "Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак", деган ҳаётий тамойилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ва давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилди", дейилади материалда.

Венгрия ОАВ, шунингдек, Ўзбекистонда юқори раҳбарлик лавозимларига захира тайёрлаш амалиёти қўлланила бошланганига эътибор қаратган. Натижада, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар янада демократлашди, деб таъкидланган.

"Ўзбекистон етакчиси бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар олиб бориляпти. Хусусан, давлатда кадрлар билан боғлиқ қатор тизимли муаммолар мавжудлиги юқори минбарлардан баралла айтилди. Давлат хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда бугунги кун талабларига мослаштириш вазифаси кун тартибининг бошидан ўрин эгаллади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда давлат бошқаруви фалсафаси ўзгарди", – деб ёзган муаллиф.

"Daily News Hungary" онлайн нашрида жойлаштирилган мақолада мазкур соҳадаги ютуқлар ва салоҳият 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган БМТ Давлат хизмати форумида намоён бўлиши кутилаётгани урғуланган.

Мақола "Ушбу Форум Ўзбекистонда илк бор ташкил этилади ва бу мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга. Форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши — БМТнинг Ўзбекистон билан давлат хизмати соҳасида шаклланаётган мустаҳкам ҳамкорлигининг амалдаги намунасидир." – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш