Ўзбекистонда “Широқ” номли тарихий фильм суратга олиш ишлари якунланди
Ноябрь 07, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 15
МОСКВА, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Kinobusiness.com” нашрида “Ўзбекистонда “Широқ” тарихий фильмини суратга олиш ишлари якунланди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, мазкур кинокартина Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “RAMZ-FILM” киностудияси томонидан яратилмоқда. Картинанинг постановкачи режиссёри — “Авлони”, “Абдулла Орипов” ва “Махтумкули Фраги” фильмлари муаллифи Музаффархон Эркинов.
Фильм сюжети сак қабилалари ва форс подшоҳи Дорий I армияси ўртасидаги қарама-қаршиликка бағишланган. Қадимги ривоятга кўра, Широқ исмли сак жангчиси қабиладошларидан жабр кўргандек кўрсатиб, форс қўшинини сувсиз чўлга бошлаб борган ва ўз она заминини қутқариш йўлида душманлар билан бирга ҳалок бўлган. Нашр таъкидлаганидек, сценарий қадимги грек муаллифи Полиэннинг “Стратегемалар” (“Ҳарбий ҳийлалар”) тарихий манбасига асосланган.
Мақолада ишлаб чиқариш кўлами ҳақидаги маълумотлар ҳам келтириб ўтилган. Сак ва форслар даврини қайта жонлантириш учун 30 дан ортиқ декорация қурилган, 500 га яқин костюм тўплами ва мингга яқин реквизит буюмлари тайёрланган. Оммавий саҳналарда икки мингдан ортиқ киши иштирок этди.
Жанг эпизодлари, отлиқлар ҳаракати ва қўшинларнинг лагерь турмушини ташкил этишда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги яқиндан кўмак берди. Суратга олиш ишлари Тошкент, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида, шунингдек, “Ўзбекфильм” павильонларида бўлиб ўтди.
Мақола якунида нашр Широқ образи ватанга садоқат ва жасорат рамзи сифатида Ўзбекистоннинг маданий хотирасида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси