Ўзбекистон ва ШҲТга аъзо давлатлар ОАВ ходимлари Тошкентда барпо этилган Миллий маданий марказлар павильони билан танишдилар
Сентябрь 25, 2025. 19:38 • 2 дақ
• 299
ТОШКЕНТ, 25 сентябрь. /"Дунё" АА/. Бугун Ўзбекистон ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Тошкентда барпо этилган Ўзбекистондаги Миллий маданий марказлар павильони бўйлаб пресс-тур ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Пресс-тур Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
Тур аввалида Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Шукуров иштирокчиларга Миллий маданий марказлар павильони барпо этиш ғояси ва бу ерда яратилган имкониятлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
– Ўзбекистондаги Миллий маданий марказлар павильони Мамлакатимизда яшаб келаётган барча миллат ва элатларнинг ўз маданияти ва урф-одатлари, анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантириш учун яна бир улкан имкониятга айланган мазкур павильон юртбошимиз ташаббуси билан бунёд этилган бўлиб, жорий йил "30 июль – Халқлар дўстлиги куни" арафасида фойдаланишга топширилган – деди раис ўринбосари Бекзод Шукуров. – Мазкур павильон миллатлараро тотувлик, умуммиллий ҳамжиҳатлик борасида Ўзбекистоннинг сиёсатини ифодалайди, ўзаро маданий алмашинув майдони вазифасини ҳам бажаради, Бу манзил, шунингдек, Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг ягона байроқ остида тинч-тотув яшаб келаётганининг ифодасидир.
Павильон ҳудудида юртимиздаги турли миллат ва элатларнинг ўзига хос маданият ва миллий анъаналарни ифодаловчи икки қаватли бинолар барпо этган. Бугунги кунда бу манзил мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва умуммиллий ҳамжиҳатлик борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни ифодалайдиган, ўзаро маданий алмашинув майдони вазифасини бажариб келмоқда.
Миллий маданий марказлар павильони қисқа вақт ичида миллатлараро тотувликни тарғиб этувчи муҳим тадбирларга мезбонлик қилди. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги доирасида "Умуммилий тотувлик" фестивали, "Қовун сайли", Миллий маданий марказлар вакиллари иштирокида "Заковат" беллашуви, Ўзбекистон ва Туркманистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган "Ўзбек–туркман муносабатлари – янги тарихий босқичда" мавзусидаги маданий-маърифий тадбирлар шулар жумласидандир.
Шундан сўнг, журналистлар 22 та миллат, хусусан қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқирд халқларининг ўтовлари, корейс, беларус, украин, грек, немис, дунган, поляк, яҳудий, грузин, арман, татар ва қрим-татар, уйғур, турк, тожик, хитой, рус ҳамда озарбайжон халқларининг икки қаватдан иборат дўстлик уйларини кўздан кечирдилар. Кичик экспонатларда миллий либослар, чолғу асбоблари, декоратив-амалий санъат буюмлари, диққатга сазовор жойлар макетлари ва бошқалар ўрин олган.
Ҳар бир дўстлик уйлари билан яқиндан танишиш чоғида турли миллат вакиллари ўзларининг бадиий чиқишларини тақдим этишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Женевада “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти бўлди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири кубоги учун тезкор шахмат турнири ўтказилмоқда
Қорақалпоқ ўтови ЮНЕСКО Репрезентатив рўйхатига киритилди