Logo

Сирдарё вилояти Хитой бизнесини янги лойиҳаларга жалб қилмоқда

Апрель 04, 2026. 13:00 • 2 дақ

71
Сирдарё вилояти Хитой бизнесини янги лойиҳаларга жалб қилмоқда

ГОНКОНГ, 4 апрель. /Дунё АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудудига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Гонконг маъмурияти раҳбари Джон Ли Качиу билан учрашиб, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Музокараларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, савдо ва логистика, саноат, инновациялар, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, инвестиция компаниялари орқали маҳаллий шериклар билан ҳамкорлик қилиш, стартаплар, сунъий интеллект ва таълим соҳаларида қўшма ташаббусларни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси Гонконг Бош савдо палатаси раиси Агнес Чан ҳамда қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди. Унда 30 нафардан ортиқ компания вакиллари иштирок этди.

Учрашувда транспорт-логистика, туризм ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Гонконг компанияларини Сирдарё вилоятига жалб қилиш ва икки ҳудуд савдо-саноат палаталари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш таклиф этилди.

Шунингдек ўқинг

Делегация аъзолари Гонконг саноат федерацияси вакиллари билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланаётгани таъкидланди.

Гонконгнинг жаҳон молиявий маркази сифатидаги ўрни, саноат ва инновацияларни ривожлантириш борасидаги тажрибаси алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон томони Сирдарё вилоятида лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий компанияларни жалб қилишни таклиф қилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва аниқ қўшма лойиҳалар устида ишлашни давом эттиришга келишиб олди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш