Янги мунтазам авиарейс Наманган ва Деҳли шаҳарларини ўзаро боғлади
Апрель 04, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 91
ДЕҲЛИ, 4 апрель. /«Дунё» АА/. Жорий йил 3 апрель куни «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Наманган–Деҳли–Наманган йўналиши бўйича тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни амалга оширишга киришди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Биринчи HY-9431 рейси жума куни маҳаллий вақт билан соат 12.15 да Деҳлидаги Индира Ганди номидаги халқаро аэропортга етиб келди. HY-9432 рейси эса соат 13.45 да Фарғона водийси томон ҳавога кўтарилди.
Янги авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан HY-9432 рейсига рўйхатдан ўтиш майдончаси байрамона безатилди. Биринчи рейс йўловчиларига совғалар ва ширинликлар топширилди. Авиакомпания вакилларининг маълум қилишича, илк рейс учун чипталар учиш санасидан анча олдин тўлиқ сотиб бўлинган.
- Бугунги рейс тўлиқ банд қилинди ва 178 нафар киши Наманганга йўл олди, - дейди «Uzbekistan Airways» ҳамкори, «Aero World Travels» компанияси раҳбари Ажай Арья (Ҳиндистон). - Бу жуда қувончли воқеа бўлди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимни янги парвоз йўналиши билан табриклайман. Шунингдек, Ҳиндистонда Ўзбекистонга саёҳат қилиш жуда оммабоп эканини, биз парвозлар географиясини кенгайтиришимиз, хусусан, Самарқанд ва бошқа тарихий шаҳарларга янги йўналишларни ўзлаштиришимиз зарурлигини таъкидламоқчиман.
Наманган Ўзбекистоннинг Деҳли билан ҳаво кўприги орқали тўғридан-тўғри боғланган биринчи вилоят марказига айланди. Ўзбекистон авиация маъмурлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам Ҳиндистонга парвозларни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганмоқда.
- Ушбу йўналиш биз, Фарғона водийси аҳолиси учун Ҳиндистонга учишда қулай имкониятлар яратди, - деди йўловчи Муҳаббат Раҳимова. - Илгари Тошкентдаги халқаро аэропортга етиб бориш учун 5–6 соат вақт сарфлашимиз керак эди. Бугун фарзандларимиз бизни Наманганда кутишмоқда ва ушбу шаҳар аэропортига қўнганимиздан ярим соат ўтиб, уйда, оиламиз даврасида бўламиз. Бунинг учун жуда миннатдормиз.
Ҳозирги вақтда «Uzbekistan Airways»дан ташқари Тошкентдан Деҳлига «Centrum Air» компанияси ҳам рейсларни амалга оширмоқда, «Qanot Sharq» компанияси томонидан икки давлат пойтахтлари ўртасида парвозларни бошланиши кутилмоқда. Шу тариқа, давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистондан халқаро парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг изчил ижроси таъминланмоқда.
- Мен янги авиайўналиш очилиши муносабати билан ўтказилган бундай ёрқин тадбирда илк бор иштирок этдим, - деб таъкидлади россиялик йўловчи Дмитрий Майско. - Янги йўналиш халқаро йўловчилар орасида оммабоп бўлишига ишончимиз комил.
- Мазкур қатновларнинг йўлга қўйилиши, аввало, мамлакатимиз раҳбариятининг туризм соҳасини ривожлантиришга қаратаётган катта эътиборидан далолат беради, - деди “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси матбуот котиби Қизлархон Бегматова. - Аҳоли учун қулай имкониятларни яратиш, узоқ манзилларни яқин қилиш, янги қулай авиайўналишларни ўзлаштириш мақсадига қаратилган саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Янги рейс икки мамлакат ўртасидаги туристик алмашинув ўсиши учун қўшимча имкониятлар очмоқда. Ўтган йили Ўзбекистонга 80 мингдан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич биринчи марта 100 минг кишига етиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси