ОҲИЧКнинг Боку саммити минтақавий хавфсизлик ва келгуси тараққиёт истиқболларини белгилайди
Октябрь 14, 2026. 08:10 • 5 дақ
• 215
ТОШКЕНТ, 14 октябрь. /“Дунё”/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14–15 октябрь кунлари амалий ташриф билан Озарбайжонда бўлади ва Боку шаҳрида ўтказиладиган Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК)нинг навбатдаги саммитида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ОҲИЧКнинг таъсисчи давлатларидан бири сифатида ташкилот фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда. Айниқса, 2017 йилдан кейин мамлакатимизнинг ушбу ташкилот фаолиятидаги ўрни янада ортди.
2019 йилда Душанбе, 2022 йилда эса Остона шаҳарларида ўтказилган ОҲИЧК саммитларида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев юзага келаётган янги геосиёсий воқеликларни ҳисобга олиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш борасида қатор ташаббусларни илгари сурди.
Мазкур учрашувларда билдирилган таклиф ва ташаббуслар ташкилотнинг келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаш, Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
ОҲИЧК тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур ташкилотни ташкил этиш ташаббуси 1992 йил 5 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 47-сессиясида илгари сурилган. Ундан кўзланган асосий мақсад Осиёда хавфсизликни таъминлаш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва давлатлар ўртасида ишонч муҳитини шакллантиришдан иборат бўлган. Ўтган давр мобайнида ташкилот босқичма-босқич ривожланиб, хавфсизлик, иқтисодиёт, экология ва гуманитар ҳамкорлик бўйича минтақавий мулоқот майдонига айланди.
Бугунги кунда ОҲИЧКга 28 та давлат аъзо. Ташкилот БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар билан муносабатларни ривожлантириш борасида кенг кўламдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.
Сўнгги йилларда Осиё халқаро сиёсат ва жаҳон иқтисодиётининг муҳим марказларидан бирига айланмоқда. Минтақада геосиёсий рақобатнинг кучайиши, қуролли можаролар, терроризм, трансмиллий жиноятчилик, иқлим ўзгариши, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамли технологиялар билан боғлиқ янги таҳдидлар давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришни тақозо қилмоқда.
Бундай шароитда ОҲИЧКнинг аҳамияти янада ортади. Ташкилот сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва умумий муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.
Бокудаги саммитнинг асосий аҳамияти шундаки, у ташкилотнинг келгуси мақоми ва имкониятларини белгилашга хизмат қилади. Хусусан, ОҲИЧКни тўлақонли халқаро ташкилотга айлантириш, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда шерикликнинг амалий натижаларини кенгайтириш саммит кун тартибининг муҳим йўналишлари ҳисобланади.
Дунёдаги мавжуд мураккаб геосиёсий вазият шароитида ҳар томонлама самарали қарорлар қабул қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Боку саммити давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ва ОҲИЧКнинг замонавий таҳдидларга ўз вақтида ва муносиб жавоб беришида жуда муҳим.
Озарбайжоннинг 2024–2026 йиллардаги раислиги даврида ушбу жараёнга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боку томонидан илгари сурилган “Кучли ОҲИЧК: Осиёда ўзаро боғлиқлик, рақамлаштириш ва барқарор ўсиш” шиори ташкилотнинг келгуси ривожланиш устуворликларини ифодалайди.
Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш фақат сиёсий келишувлар билан чекланмайди. Давлатлар ўртасида савдо, инвестиция, транспорт ва технологик алоқаларнинг ривожланиши ҳам минтақавий барқарорликнинг муҳим омилидир. Шу маънода, Озарбайжон раислиги даврида транспорт боғлиқлиги ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон 2022 йилда Остонада ўтказилган саммитда Афғонистон бўйича юқори даражали халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш, “Авлодлар мулоқоти” форматини йўлга қўйиш ва транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ташаббусларини илгари сурди.
Давлатимиз раҳбарининг рақамлаштириш ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда “Яшил Осиё” дастури доирасида мунтазам экспертлар маслаҳатлашувларини ўтказиш каби ташаббуслари ҳам катта қизиқиш уйғотди.
2023 йил октябрь ойида Самарқандда ОҲИЧК Ёшлар кенгашининг йиғилиши доирасида “Авлодлар мулоқоти”нинг илк бор ўтказилган ушбу таклифларнинг амалий мазмун касб этаётганини кўрсатди.
Ўзбекистоннинг ОҲИЧК доирасидаги устувор манфаатлари, аввало, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистон масаласи бўйича мулоқотни ривожлантириш, транспорт-транзит имкониятларини кенгайтириш, озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, Боку саммити Ўзбекистон учун миллий ва минтақавий манфаатларга мос ташаббусларни илгари суриш, ҳамкор давлатлар билан амалий келишувларга эришиш ҳамда ОҲИЧКнинг тизимли ривожланишида фаол иштирок этиш имкониятини яратади.
2027 йилда Тошкентда инсон ҳуқуқлари ва сунъий интеллект масалаларига бағишланган ОҲИЧК юқори даражали форумини ўтказиш режаси мамлакатимизнинг инсон манфаатларига йўналтирилган ташаббусларни ривожлантираётганидан далолатдир.
Мазкур ташаббусни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сунъий интеллектдан хавфсиз ва мақсадли фойдаланиш ҳамда инклюзив рақамли тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий мулоқотни кучайтиришнинг самарали воситаси сифатида такомиллаштириш мумкин.
Боку саммитида Ўзбекистон учун энг мақбул ёндашув – ОҲИЧКнинг ташкилий-ҳуқуқий трансформациясини қўллаб-қувватлаш ва унинг амалий натижасига устувор аҳамият қаратишдир. Бунинг учун транспорт, рақамлаштириш, инсон ҳуқуқлари, ёшлар сиёсати ва экологик хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни аниқ лойиҳалар, экспертлар мулоқоти ва мунтазам тажриба алмашиш механизмлари билан бойитиш муҳим.
Бокуда бўлиб ўтадиган ОҲИЧК саммити Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва ташкилотнинг келгуси тараққиёт йўналишларини белгилаш нуқтаи назаридан муҳим сиёсий воқеадир.
Саммитнинг натижадорлиги, аввало, ташкилотни трансформация қилиш бўйича аниқ келишувларга эришиш, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитишга боғлиқ.
Ўзбекистон учун ушбу саммит минтақавий хавфсизликни таъминлаш, транспорт-транзит имкониятларини кенгайтириш, рақамли ва экологик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда инсон манфаатларига йўналтирилган ташаббусларни илгари суриш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, ОҲИЧКнинг келгуси ривожи давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш билан бирга, уни аниқ амалий натижаларга эга бўлган самарали минтақавий ҳамкорлик механизмига айлантиришга хизмат қилиши лозим.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси